Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим, илм-фан, инновациялар соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис Сенатида жаҳоннинг нуфузли таълим муассасаларидан бири – АҚШнинг Гарвард университети қошида фаолият юритувчи Марказий Осиё ва туркий мамлакатлар Кокусига аъзо талабалар билан учрашув ташкил этилди.

Унда Сенат Раиси Танзила Норбоева ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева иштирок этди.

Талабалар билан бўлган мулоқот давомида Ўзбекистонда иқтисодиёт, таълим тизими ва давлат бошқаруви соҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли янгиланишлар, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар ҳамда қонунчиликдаги долзарб ўзгаришлар юзасидан фикр алмашилди. Айниқса, мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, манзилли ёрдам тизимини такомиллаштириш ҳамда замонавий ва самарали ижтимоий ҳимоя механизмларини татбиқ этиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

[gallery-28186]

Гарвард университети қошидаги мазкур Кокус бугунги кунда минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим ёшлар платформасига айланиб бормоқда. У турли мамлакатлардан келган ёшларни бирлаштириб, ўзаро мулоқот ва англашувни ривожлантириш орқали тинч ва барқарор жамият барпо этишга ҳисса қўшмоқда.

Талабалар Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатига катта қизиқиш билдириб, бу йўналишдаги амалий тажриба билан яқиндан танишиш истагини билдирди.

Учрашув чоғида Т.Норбоева мамлакатда ёшлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ҳамда кўникмаларга эга бўлиши учун зарур шароитлар яратиш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири эканини қайд этди. Шу билан бирга, ёшларнинг глобал илмий ҳамжамиятга интеграциялашувини таъминлаш, инновацион ғояларни рағбатлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим вазифалар сифатида белгилангани айтиб ўтилди.

Ўз навбатида, Ш.Мирзиёева келажак истиқболларини ёшлар иштирокисиз муҳокама қилиб бўлмаслигини таъкидлади. Бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда, ҳозир қабул қилинаётган қарорлар эса бевосита келгуси авлод ҳаётини белгилаб беради. Шу боис, ёшларнинг фикрлари, ташаббуслари ва, айниқса, уларни ўйлантираётган масалаларга қулоқ тутиш ғоят муҳимдир. Бу ёш авлод келажакни қандай тасаввур қилиши ҳамда ушбу жараёнда мамлакатимиз қандай ўрин эгаллаши мумкинлигини англаш учун қулай имкониятдир.

Тадбир давомида тажриба алмашиш, янги ташаббусларни муҳокама қилиш ҳамда келгусида қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Норгул Абдураимова,

Сарвар Ўрмонов (сурат),  

ЎзА