Ўзбекистон – Грузия: фискал ислоҳотлар бўйича ҳамкорлик ривожланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда Грузиянинг PMCG халқаро консалтинг компанияси гуруҳ раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилди.
Унда томонлар фискал номарказлаштириш соҳасида тадқиқот ва таҳлилларни амалга ошириш, шунингдек, маҳаллий бюджетларни ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимликлар ҳамда вакиллик органларининг бюджетни бошқариши муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли, унда мазкур соҳасидаги ваколатларини аниқ белгилаш, республика ва маҳаллий бюджетлар ўртасида даромад ва харажатларга оид масъулиятларни аниқ мезонлар асосида тақсимлаш, тенглаштирувчи, натижага йўналтирилган ҳамда шаффоф қоидаларга асосланган бюджетлараро муносабатлар тизимини жорий этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувда бюджет трансфертлари тизими, уларнинг ҳудудлар кесимида тақсимланиши ҳамда трансфертлар самарадорлигини ошириш бўйича ёндашувлар ҳақида ҳам сўз борди.
Вазирлик ахборот хизмати маълум қилганидек, мулоқот якунида томонлар давлат молиясини бошқариш самарадорлигини ошириш, бюджет жараёнларини такомиллаштириш ҳамда халқаро илғор тажрибани кенг жорий этиш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА