Ўзбекистон Президенти Россия делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш доирасида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Барча йўналишларда фаол мулоқотлар олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, саноат кооперацияси бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилиб, маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда.

Мамлакатимизда биринчи интеграциялашган атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишга, шунингдек, тинч атом соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Рақамли технологиялар, ёшлар ва ахборот сиёсати, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқароларнинг ташаббусларини ривожлантириш борасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан келишувларга эришилди.
