
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев Грузиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Муваққат ишлар бўйича вакили Девид Котариа ҳамда элчихона катта маслаҳатчиси Иракли Канделаки билан учрашди.
Унда аграр соҳада икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, бунинг учун мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда истиқболли қўшма лойиҳаларни ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда айнан қишлоқ хўжалиги бўйича ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш учун қўшма ишчи гуруҳ фаолиятини йўлга қўйиш ва бу орқали узумчиликда янги қўшма навларни яратиш, хўраки ва саноатбоп узумларни мамлакатимизда етиштириб экспортга йўналтириш, чорвачилик, уй ҳайвонларини идентификация қилиш, шунингдек, ушбу соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш юзасидан ўзаро манфаатли таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, аграр тармоқ ривожида муҳим ўрин тутувчи олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтлари ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятлари юқори баҳоланди. Барқарор қишлоқ хўжалиги тизимларини ривожлантириш, табиий ресурсларни сақлаш ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалиги экинларига таъсирини камайтириш йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА