Ўзбекистон делегацияси Пекинда халқаро тренингда иштирок этмоқда
Айни кунларда Пекин шаҳрида тиббий жиҳозларни тартибга солиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “Advanced Medical Devices Empowering Global Public Health” мавзусида 5-GHWP (China) Academy халқаро тренинги бўлиб ўтмоқда.
Ушбу халқаро тадбир доирасида тиббий жиҳозларни тартибга солиш, халқаро уйғунлаштириш, регулятор органлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда инновацион тиббий технологияларни тартибга солишнинг замонавий ёндашувларига бағишланган сессиялар ташкил этилмоқда.
Тренингда GHWPга аъзо мамлакатлар ва ҳудудларнинг регулятор органлари, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари, тиббиёт ташкилотлари ҳамда тиббий жиҳозлар соҳаси вакиллари иштирок этмоқда. Тадбир дастуридан экспертлар маърузалари билан биргаликда, муҳокамалар, давра суҳбатлари, амалий тренинглар ва халқаро тажриба алмашинуви сессиялари ҳам ўрин олган.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур халқаро тадбирда Марказ директорининг биринчи ўринбосари Нозим Бердиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Тренинг доирасида тиббий жиҳозларни тартибга солишнинг замонавий йўналишлари, жумладан, регулятор илм-фани, инновацион тиббий жиҳозларни экспертизадан ўтказиш, сунъий интеллект ва рақамли соғлиқни сақлаш технологияларини тартибга солиш, клиник баҳолаш ҳамда Real-World Evidence — реал клиник амалиёт маълумотларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон делегациясининг ушбу тадбирдаги иштироки тиббий жиҳозларни тартибга солиш соҳасида халқаро тажрибани ўрганиш, илғор регулятор ёндашувлар бўйича билим ва кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан профессионал алоқаларни янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров GHWPнинг регулятор органлар йўналиши бўйича раис ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг тиббий жиҳозларни тартибга солиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ва уйғунлаштириш жараёнларидаги фаол иштирокини намоён этади.
Маълумот учун GHWP — тиббий жиҳозларни тартибга солиш тизимларини халқаро миқёсда уйғунлаштириш, регулятор органлар ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро ишончни ривожлантиришга қаратилган халқаро платформа бўлиб, ташкилот фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири аъзо мамлакатлар ва ҳудудларнинг регулятор салоҳиятини ошириш, шунингдек, тиббий жиҳозларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилувчи замонавий ёндашувларни ривожлантиришдан иборат.
Моҳигул Қосимова, ЎзА