Ўзбекистон делегацияси Хитойда илғор тўқимачилик технологиялари билан танишди
Тўқимачилик саноати бугунги кунда иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган ва юқори қўшилган қиймат яратиш салоҳиятига эга бўлган стратегик тармоқларидан бири ҳисобланади. Жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган шароитда ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, замонавий технологиялар ва рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш соҳанинг барқарор ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
Айнан шу мақсадда Ўзбекистон тўқимачилик саноати вакилларининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ташрифи доирасида илғор ишлаб чиқариш тажрибаларини ўрганиш ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар ташкил этилди.

Ташриф давомида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси делегацияси “Shaoxing Huangxi Intelligent Group” компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Унда ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш ва замонавий технологик ечимлар асосида саноат самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация “Yihua Printing & Dyeing” компанияси фаолияти билан ҳам танишди. Корхонада замонавий бўяш ва чоп этиш технологиялари, рақамли бошқарув тизимлари ҳамда автоматлаштирилган ишлаб чиқариш жараёнлари ўрганилди. Корхонада 378 нафар ходим меҳнат қилади, йиллик даромади эса 50 миллион АҚШ долларидан ошади.

Музокаралар чоғида Ўзбекистонда замонавий бўяш ва чоп этиш технологияларини жорий этиш, қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш ҳамда икки давлат корхоналари ўртасида тўғридан-тўғри кооперация алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Якунда томонлар технологиялар трансфери, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан галдаги вазифаларни белгилаб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА