Бюджет талон-торожликларига чек қўйиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
Қуйи палата мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилиш давомида депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади. Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари ижро этувчи органлар фаолиятидаги айрим тизимли камчиликларга эътибор қаратди.
Нигора Лутфуллаева, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:
— Бугунги кунда давлат харидлари тизими шаффофлаштирилаётганига қарамай, бу соҳада ҳамон давлат маблағлари талон-торож қилинишига йўл қўйилмоқда.
Биргина таълим соҳасини оладиган бўлсак, таълим муассасаларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари ёки моддий техник базасини яхшилаш жараёнида бюджет маблағларини ўзлаштириш, ноқонуний сарфлаш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Масалан, айрим мактабларда мусиқа фани ўқитувчиси мавжуд бўлмай туриб, бир қанча мусиқа асбоблари сотиб олиб берилган.

Бу каби омборлар учун сарфланадиган маблағларнинг олдини олиш, талон-торожликларга чек қўйиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили:
— Вазирлигимиз томонидан соҳада манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат маблағларини ноқонуний сарфлаш ҳолатларини бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат ва ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш доирасидаги ўрганишларда аудит текширувлари давомида қурилиш ва таъмирлаш жараёнлари ва бошқа ҳолатларда нотўғри сарфланган маблағлар аниқланган ва тегишли чоралар кўрилган.
Хусусан, таълим-тарбия соҳасида молиявий хатоликларга йўл қўйган 749 нафар шахсга тегишли чоралар кўрилди. Айримлари эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
****
Муҳаммаджон Валиев, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:
— Мамлакатимизда тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлантириш мақсадларига бюджет маблағлари ажратиб келинмоқда.
Ҳисоб палатасининг ҳисоботида келтирилганидек, беморларни дори дармон билан таъминлашга маблағ ажратилган бўлсада, айрим чекка ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларига, Республика илмий-амалий марказларига дори-дармон воситалари етказиб берилишида камчиликлар бор. Айрим муассасаларнинг дори-дармон таъминоти 23 фоиздан 6 фоизгача етмоқда. Бунинг сабаби нимада? Соҳада харажатларни режалаштириш, бошқарувдаги хато-камчиликларни бартараф этиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда? Соҳада молиявий хатоликларга йўл қўйган вакилларга қандай чоралар қўлланилмоқда?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили:
— Республика илмий-амалий марказлар фаолиятида назорат кучайтирилмоқда. Дори-дармон назорати бўйича ягона электрон ситуацион марказ ташкил этилган ва бу орқали назорат олиб борилмоқда.
Соҳада камчиликларга йўл қўйган мансабдорларга нисбатан интизомий чоралар кўрилган. Масалан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари ўз фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бундай чоралар мунтазам қўлланилмоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА