Ўтган 2025 йил сирдарёлик ёшлар ҳаётида эсда қоларли йил бўлди
Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ёшлар масаласи давлат тараққиётининг стратегик йўналиши сифатида изчил белгиланган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ёшларнинг ижтимоий фаоллиги, лидерлик салоҳияти ва фуқаролик масъулиятини юксалтириш устувор вазифалар қаторида алоҳида қайд этилган.

Ана шу стратегик мақсадларни ҳудудларда ҳаётга татбиқ этишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов бошчилигидаги фаол, изланувчан ва янгича фикрлайдиган сирдарёлик ёшларнинг ўрни алоҳида.

– Президентимизнинг Мурожаатномаси биз, сирдарёлик ёшлар учун фақат йўл-йўриқ эмас, балки ҳар бир ташаббусимизни баҳолаш мезонидир, – дейди Азизбек Раҳмонов. – Агар ёшларга қаратилган иш аниқ натижа бермаса, демак у давлат стратегиясига тўлиқ жавоб бермаган бўлади.

Ана шу ёндашув 2025 йил давомида амалга оширилган барча лойиҳаларнинг асосий ғоясига айланди. Ёшлар билан ишлашда ҳисобот учун ўтказиладиган тадбирлардан воз кечилиб, узоқ муддатли самарага эга лойиҳаларга устувор аҳамият қаратилди. Натижада ёшлар ижтимоий лойиҳаларнинг нафақат иштирокчиси, балки бевосита муаллифига айланди.

– “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг энг муҳим жиҳати — ёшларга ишониш тамойилидир, – дейди Азизбек. – Бугун ёшлардан тайёр ечим кутиш эмас, балки уларга қарор қабул қилиш имкониятини бериш муҳим. Биз Сирдарёда айнан шу йўлни танладик.
Бу ёндашув натижасида 2025 йилда вилоятда ёшлар ташаббуси билан қатор ижтимоий, маданий ва спорт лойиҳалари амалга оширилди. “Ёшлар ойлиги”, “Жасорат мактаби”, интеллектуал ўйинлар, шахмат мусобақалари ҳамда маърифий тадбирлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан бирга, уларда лидерлик, жамоада ишлаш ва масъулият ҳиссини шакллантиришга хизмат қилди.
Ватанпарварлик ва қонун устуворлиги масалалари Президент Мурожаатномасида алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Миллий гвардия ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этди. Бу ҳақда Азизбек Раҳмонов шундай дейди:
– Ватанпарварлик шиор билан эмас, амал билан шаклланади. Ёшлар давлат тизими қандай ишлашини ўз кўзи билан кўрса, уларда жамиятга дахлдорлик ҳисси кучаяди.
Таҳлилчилар фикрича, 2025 йил Сирдарё вилоятининг ёшлари сиёсатида сифат ўзгаришлари рўй берган йил бўлди. Ёшларнинг маҳаллий бошқарув, жамоатчилик кенгашлари ва ижтимоий ташаббуслардаги иштироки сезиларли даражада ошди. Бу эса Президент Мурожаатномасида белгиланган “Ёшлар — ислоҳотлар драйвери” ғоясининг ҳудудий амалиёти сифатида баҳоланмоқда.
Сирдарё вилояти ёшларининг етакчиси ўз фаолиятига шундай хулоса қилди:
– Бизнинг асосий мақсадимиз ёшларни тайёр сценарийга мослаштириш эмас, балки уларни мустақил фикрлайдиган, жамият учун масъулиятни ҳис қиладиган шахс сифатида шакллантиришдир. Агар 2025 йилда ҳеч бўлмаганда битта ёш ўз кучига ишона бошлаган бўлса, демак меҳнатимиз зое кетмабди. Ўтган 2025 йил нафақат мен, балки бутун Сирдарё вилояти ёшлари учун ҳам эсда қоларли йил бўлди. Президент Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган режалар биз ёшлар учун ҳаётий мақсадга айланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири