Жисмоний ва жанговар тайёргарликда халқаро тажриба ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида «Ички ишлар органлари тизимида жисмоний ва жанговар тайёргарлик: халқаро тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини такомиллаштириш, касбий-амалий кўникмаларини ривожлантириш, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва миллий тайёргарлик тизимига татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Конференцияда давлат органлари ва ташкилотлари, олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, шунингдек, Россия ва Қирғизистондан келган халқаро экспертлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирни ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи, полковник, техника фанлари номзоди, профессор Олимжон Аҳмедов очиб, ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги хизмат вазифаларини самарали бажариш, мураккаб вазиятларда тўғри ва тезкор қарор қабул қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шунингдек, тайёргарлик жараёнига замонавий методикаларни жорий этиш, халқаро тажрибадан фойдаланиш ҳамда назарий билимларни амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Конференциянинг илмий дастури доирасида маҳаллий ва хорижий мутахассислар томонидан мавзуга оид маърузалар тақдим этилди.
Хусусан, Халқаро самбо федерацияси (FIAS) спорт дирекцияси директори, Россия спорт университети профессори Сергей Табаков самбо спорт турининг куч тузилмалари ходимларини касбий тайёрлашдаги ўрни, жисмоний сифатлар ва амалий кўникмаларни ривожлантириш имкониятлари ҳақида сўз юритди.
Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти директори, педагогика фанлари доктори, профессор Меҳриддин Миржамолов спорт соҳасидаги илмий изланишлар, эришилаётган натижалар ва рақамлаштириш жараёнларининг аҳамиятига тўхталди.
Қирғизистон давлат жисмоний тарбия ва спорт академияси кафедра мудири Александр Ларионов эса самбо спорт турини ривожлантириш истиқболлари ҳамда унинг ички ишлар органлари ходимларини касбий тайёрлаш тизимидаги имкониятлари юзасидан фикр билдирди.
[gallery-32349]
Анжуманда курсантлар ва ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний тайёргарлигини оширишда замонавий спорт технологиялари, илмий асосланган машғулот методикалари ва илғор хорижий тажрибадан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, ходимларнинг жисмоний чидамлилиги, руҳий барқарорлиги, мураккаб вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш қобилияти ва амалий кўникмаларини комплекс ривожлантириш касбий тайёргарликнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.
Муҳокамалар давомида халқаро тажриба ва миллий амалиётни уйғунлаштириш, самбо ва бошқа спорт турларидан касбий тайёргарликда самарали фойдаланиш, таълим жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Конференция якунида ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини янада такомиллаштириш, ўқув-машғулот жараёнида илмий ёндашувларни кенг қўллаш ва соҳада тажриба алмашишни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Камола ЮСУПОВА,
Аслиддин АЛИЖОНОВ (сурат), ЎзА