Остонада Ўзбекистон мадҳияси беш марта янгради
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида белбоғли кураш бўйича 2002-2004 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида ўтказилган навбатдаги Жаҳон чемпионатида мамлакатимиз полвонлари 5 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза медалларини қўлга киритди. Умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Йигирмага яқин мамлакатнинг спортчилари ўртасида кечган беллашувларда иқтидорли спортчиларимиз Азизжон Азимжонов, Нусратбек Султонбоев, Илёс Аҳмадов, Ойбекжон Муҳаммадов, ва Зебохон Носирова ўз вазнларида ғолибликни тантана қилишди. Улар шарафига байроғимиз кўтарилиб, мадҳиямиз Остона спорт майдонида жаранглади.

Умумий медаллар сарҳисобига кўра, 4 та олтин медалга эга чиққан Россия терма жамоаси 2-ўринни, 3 та олтин медалли бўлган Қозоғистон вакиллари 3-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон терма жамоаси мазкур чемпионатда наманганлик тажрибали мураббий Элмурод Абдуллаев етакчилигида иштирок этди, дейилади Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси матбуот хизмати хабарида.
Т. Рўзиев, ЎзА