Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон солиқ тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда
Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Солиқ қўмитаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида солиқ маъмурчилигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, солиқ тизимида шаффофликни ошириш ҳамда солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш йўналишларида амалга оширилаётган ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва келгусидаги истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар Солиқ қўмитаси томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббуслар юзасидан фикр алмашди. Жумладан, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган солиқ маъмурчилиги тизимини 2030 йилгача ислоҳ қилиш стратегияси доирасида кўрсатиладиган техник кўмакнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, илғор халқаро тажрибани жорий этиш ҳамда солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Ш.Маматуропова, ЎзА