Алишер Навоий ва давлат сарҳадлари
Қудратли салтанатларнинг тақдири кўпинча уларнинг энг чекка сарҳадларида ҳал бўлади. Давлатнинг ички барқарорлиги бевосита чегараларнинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Алишер Навоий сиймосини биз кўпроқ сўз мулкининг султони сифатида биламиз. Бироқ у ўткир зеҳнли давлат арбоби ва узоқни кўрувчи сиёсатдон ҳам эди. Унинг сиёсий фаолияти салтанат хавфсизлигини таъминлаш билан узвий боғланган.
Темурийлар салтанатининг барқарорлиги кўп жиҳатдан ташқи душманлар ҳужумини қайтаришга боғлиқ эди. Айниқса, чегара ўтиш жойлари – даҳаналар назорати мутафаккирнинг доимий диққат марказида турган. Тарихий манбаларда “даҳана” атамаси қўшни ҳудудлар ўртасидаги тоғ ўтиш йўлларини англатади. Улар ҳарбий-сиёсий жиҳатдан ғоят муҳим ҳудуд ҳисобланган. Бу масканларда ҳамиша сараланган ҳарбий қўшин ушлаб турилган.
Даҳаналар давлатнинг ўзига хос қалқони ва сарҳадларнинг муҳим нуқтаси вазифасини ўтаган. Ўзаро душманлик кайфиятидаги кучлар доимо ушбу муҳим нуқталарни эгаллашга интилган. Чунки баъзи ҳолларда битта даҳананинг бой берилиши бутун бир вилоятнинг қўлдан кетишини англатар эди. Душман шу очиқ дарвоза орқали мамлакат ичкарисига ёпирилиб кириши мумкин бўлган. Шу сабабли бу жойлардаги назорат кечаю кундуз сусайтирилмаган.
Навоийнинг чегара хавфсизлигига бунчалик жиддий эътибор қаратиши бежиз эмас эди. Унинг хотирасида оғир сиёсий йўқотишлар ва аччиқ сабоқлар сақланиб қолганди. Хусусан, Султон Ҳусайн Бойқаронинг сиёсий рақиби Ёдгор Муҳаммад мирзо билан бўлган қонли тўқнашувлар бунга яққол мисолдир. Ўшанда ҳокимият учун кечган аёвсиз курашларнинг тақдири айнан Астробод даҳанасида ҳал бўлган. Бу воқеа салтанат пойдеворини ларзага келтирган эди.
Ёдгор мирзо дастлабки йирик ғалабасини айнан шу чегара ўтиш жойини забт этиш орқали қўлга киритган. Тарихий битикларда бу жараённинг оғир оқибатлари очиқ баён қилинган. Манбаларга кўра, Ёдгор Муҳаммад мирзонинг қўшини Астробод даҳанасига кутилмаганда зарба беради. Бу ерда мудофаада турган амир Шайх Ҳасан Темурнинг қўшини тор-мор этилади. Даҳананинг қулаши ҳақидаги шумхабар бутун мамлакат бўйлаб тез тарқалади.
Астробод даҳанасининг қўлдан кетиши Султон Ҳусайн қўшинида парокандаликни келтириб чиқаради. Руҳий тушкунликка тушган лашкарбошилар бирин-кетин Ёдгор мирзо томонга ўтиб кета бошлайди. Оқибатда Султон Ҳусайннинг қаршилик кўрсатиш учун етарли кучи қолмайди. У пойтахтни ташлаб, орқага чекинишга мажбур бўлади. Фурсатдан фойдаланган Ёдгор мирзо аввал Машҳадни, сўнгра Хуросон пойтахти Ҳиротни ҳеч қандай қаршиликсиз эгаллайди. Биргина чегара нуқтасидаги заифлик улкан давлатнинг бир муддат қўлдан бой берилишига сабаб бўлади.
Алишер Навоий бу фожиадан тўғри хулоса чиқарган эди. Орадан йиллар ўтгач, у Астробод вилоятида ҳоким бўлиб турган шаҳзода Султон Бадиуззамонга махсус мактуб йўллайди. Мактубда вилоят бошқаруви ва хавфсизлик чоралари юзасидан қатъий тавсиялар берилади. Унинг асосий қисми даҳаналар ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган эди. Навоий ўзининг бой сиёсий тажрибасига таяниб, шаҳзодани доимий ҳушёрликка чақиради. Давлат ишларида лоқайдлик кечирилмас хато эканини уқтиради.
Бу мактуб мутафаккирнинг нақадар узоқни кўра оладиган арбоб бўлганини яна бир бор тасдиқлайди. Мактубда шундай фикрлар баён қилинади: “Яна улким, ул вилоятларнинг бир куллий иши даҳаналарнинг забтидур”. Яъни, вилоятдаги энг муҳим вазифалардан бири чегара ўтиш жойларини мустаҳкамлашдир. Навоий тинчлик вақтида ҳам хотиржамликка берилмасликни талаб қилади. У шундай ёзади: “Бу маҳалдаким, кўнгул тиламасдек амре воқеъ эмас, даҳаларда андоқ мазбут кишилар қўйуб, андоқ мустаҳкам ва мазбут қилилсаким...”. Бу ўринда “мазбут кишилар” деганда синовдан ўтган, садоқатли ва иродали амирлар назарда тутилмоқда. Чегарага тошдан девор қуриш камлик қилади. Бу деворларга қалқон бўладиган ишончли одамлар керак эди. Мутафаккир ўз сўзида давом этиб, эҳтимолий хавфлардан огоҳлантиради: “...наъузу биллоҳким, агар амре ҳодис бўлсаки, мужиби тараддуди хотир бўлса, даҳалар тарафидин хотир бакуллий жамъ бўлса”.
Навоийнинг бу фикри шуни англатадики, мамлакатда бирор нохуш воқеа юз бериб хавотир туғилса, ҳеч бўлмаганда чегаралар томонидан кўнгил хотиржам бўлиши шарт. Бу шунчаки маслаҳат эмас, балки мудофаа қоидаси эди. Навоий аввалги хатоларни такрорламаслик учун олдиндан пухта тадбир кўришни сўрамоқда. Астробод даҳанасидаги аввалги мағлубиятнинг сояси бу сатрларда яққол сезилиб туради. Битта хато иккинчи марта такрорланишига мутлақо йўл қўйиб бўлмасди.
Алишер Навоийнинг бу ўгитлари бутун давлатчилик тарихимиз учун нодир битикдир. Бу тарихий ҳақиқатлар аждодларимизнинг нақадар етук сиёсий тафаккурга эга бўлганини кўрсатади. Улар салтанатни ёлғиз қилич билан эмас, балки юксак ақл-идрок ва пухта ҳисоб-китоб билан бошқарган. Ўтмишдаги хатолардан чиқарилган тўғри хулоса миллатимизнинг давлат бошқарувидаги буюк салоҳиятини намоён этади. Ватан сарҳадларининг дахлсизлиги асрлар оша энг олий қадрият бўлиб қолаверади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА