ЎФА мутасаддилари йил режалари билан танишди
Пойтахтимизда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти томонидан жорий йилги мавсумга жамоаларни пухта тайёрлаш, ўтган йилдаги муваффақиятлар ва 2025 йилдаги режаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда миллий ва турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизни Жаҳон чемпионати саралаш босқич учрашувлари ҳамда Осиё кубогига муносиб тайёрлаш, клубларимизнинг халқаро майдондаги иштирокини яхшилаш ва бу орқали ОФК турнирларига бериладиган йўлланмалар сонини ошириш каби муҳим масалалар муҳокама этилди.
Футбол клублари томонидан сарфланаётган маблағларни айнан футбол инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантириш учун мақсадли йўналтириш, клублар академиялари, болалар ва аёллар футболини ривожлантиришга тизимли ва сифатли ёндашиш, ҳудудий футбол академиялари лигаси форматини ўзгартириш ҳамда рақобатли ўйинларни кўпайтириш орқали академиялардан терма жамоаларга жалб этилаётган футболчилар сонини янада ошириш бўйича таклифлар билан танишилди.
Шунингдек, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази фаолиятини янги тизимга ўтказиш бўйича тақдимот намойиш этилди. Йиғилишда шунингдек, ўтган мавсумда ўзбек футболида эришилган ютуқлар ва камчиликлар таҳлил қилиниб, янги мавсумда амалга оширилиши зарур бўлган бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА