Наврўз сайлида халқона анъаналар жонланди (+видео)
Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва эзгулик байрами. Шу кунларда юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган ушбу қадимий ва навқирон айём барча ҳудудларда ўзига хос шукуҳ билан ўтмоқда.
Пойтахтимизнинг “Қашғар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан «Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!» шиори остида байрам сайли ташкил этилди.
Тадбирда Миллий гвардиянинг пойтахтда жойлашган бўлинмалари ҳарбий хизматчилари, уларнинг оила аъзолари, 22 ва 30-сонли меҳрибонлик муассасалари тарбияланувчилари ҳамда маҳалла аҳли фаол иштирок этди. Байрам майдони миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва халқона анъаналаримиз билан безатилиб, ҳақиқий Наврўз руҳи ҳукм сурди.
Баҳорнинг энг севимли таомларидан бири — сумалак эса опа-сингилларимиз томонидан бир сутка давомида пиширилиб, байрам дастурхонларига тортиқ этилди. Шунингдек, палов пишириш бўйича ўтказилган танлов ҳам байрамга янада қизиқарли тус бағишлади. 8 та қозонда ҳарбий ошпазлар Фарғона, Самарқанд ва Тошкент ҳудудларига хос бўлган мазали ошларни тайёрлади.
Миллий таомлар кўргазмаси ҳам кўпчилик эътиборини тортди. Жамоалар томонидан кўк сомса, чучвара, хоним, ҳалим, норин ва турли баҳорий салатлар меҳмонларга тақдим этилди.
Тадбир давомида миллий қадриятлар намойиши, саҳна кўринишлари ва халқ оғзаки ижод намуналари — лапарлар ташкилотчилар томонидан юқори баҳоланди.
Шу билан бирга, ретро фотостудия бурчаги ташкил этилиб, иштирокчилар учун унутилмас лаҳзалар муҳрланди. Болажонлар ҳам эътибордан четда қолмади. Улар футбол мусобақаларида иштирок этиб, варраклар учирди, аттракционларда вақтларини мазмунли ўтказди.
Шунингдек, этноспорт турлари тадбирга алоҳида файз бағишлади. Полвонлар ўртасида тош кўтариш мусобақалари, миллий кураш беллашувлари, халқ ўйинларидан қараб тепти баҳслари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Болажонлар Чавандозлар мактаби ва от спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби отларида сайр қилиш имкониятига эга бўлди.
Қизил йўлакда намойиш этилган миллий либослар кўргазмаси эса меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди. Тадбир якунида барча танлов ва мусобақалар ғолиблари муносиб тақдирланди. Наврўз сайли Миллий гвардия ашула ва рақс ансамблининг куй-қўшиқлари билан давом этиб, байрамона кайфиятни янада юксалтирди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Kir0QUudIHg" title="Navro`z saylida xalqona an’analar jonlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА