“Насаф” бугун мамлакат чемпионига айланиши мумкин
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-турини “Пахтакор“ – “Андижон“ ўртасидаги ўйин бошлаб берди.
“Жар” стадионида ўтказилган мазкур учрашувнинг 14 дақиқасида “Пахтакор” клуби аъзоси Улуғбек Ҳошимов ҳисобни очган бўлса, “Андижон” орадан 20 дақиқа ўтиб, Бектемир Абдуманноновнинг голи эвазига ҳисобни тенглаштирди ва жамоалар 1:1 ҳисобида биринчи бўлимни якунлади.
Иккинчи бўлимда пойтахтимиз клуби бор эътиборини ғалабага қаратди. Натижада 61-дақиқада Ҳожиакбар Алижоновнинг узатмасидан сўнг Муҳаммадали Ўринбоев рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, ҳакам томонидан асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларнинг тўртинчисида захирадан майдонга тушган Кими Мерк гол уриб, “Пахтакор”нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Шу тариқа, Суперли баҳсларида “Пахтакор” 23-турдаги муваффақият эвазига очколарини 38 тага етказиб олди. “Андижон” эса 25 очко билан қолди.
Бугун Ўзбекистон Суперлигасининг 23-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Насаф”, “Сўғдиёна“ – “Сурхон” клублари ўртасида ўйин бўлиб ўтади.
Мазкур учрашувларнинг энг аҳамиятлиси, “Дўстлик” стадионида ўтадиган “Локомотив” – “Насаф” жамоалари баҳсидир. Сабаби, ҳозирда “Насаф” Суперлига ўйинларида 49 очко жамғариб, яққол пешқадамга айланган. Бугунги ўйинда “Насаф” дуранг ёки ғалаба қозонса, бу йилги Суперлига чемпионлигини муддатидан аввал қўлга киритади. Аслида, ушбу жамоа мағлуб бўлса ҳам мамлакат чемпиони бўла олади. Чунки, Қарши шаҳри жамоаси айни дамда энг яқин таъқибчиси ОКМК клубидан 10 очко илгарилаб кетган.
Дарвоқе, “Сўғдиёна“ – “Сурхон” учрашуви ҳам қизиқарли ўтиши шубҳасиз. Бу учрашувда мезбонлар мағлубиятга учраса, турнирдаги 3-поғонасини ушбу турни ғалаба билан якунлаган “Пахтакор”га бўшатиб беради. “Сўғдиёна” 22-тур якунига кўра 37 очкога эга бўлган. Пойтахт клуби эса айни вақтда 38 очко билан қолмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА