Молиячилар тажриба алмашади
Самарқандда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар молия органлари вакилларининг давлат молиясини бошқариш соҳасида тажриба алмашиш бўйича IV халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар молия органларининг ҳамкорлиги тўғрисидаги меморандумга мувофиқ, ташкилотларга аъзо мамлакатлар молия органларининг ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, давлат молиясини бошқариш соҳасида ўзаро тажриба алмашиши мақсадида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон, Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистондан иқтисодиёт ва молия соҳаси вакиллари, тегишли ташкилотлар ходимлари ва мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, Россия Федерацияси молия вазирлиги департамент раҳбари Иван Роковский сўзга чиқиб, конференциянинг МДҲ мамлакатлари иқтисодиёти ва молия тизими учун аҳамияти, шунингдек, ушбу йўналишда сўнгги йилларда амалга оширилган қўшма лойиҳалар ҳақида фикр билдирди.
– Тўрт йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу конференция МДҲга аъзо давлатлар ўртасида давлат молиясини бошқариш соҳасида ўзаро фикр алмашиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва қўллашга хизмат қилмоқда, – деди Отабек Фозилкаримов. – Жумладан, бу гал Ўзбекистонда ўтказилаётган тўртинчи анжуманимизда бюджетнинг ўрта ва узоқ муддатли параметрларини режалаштириш, натижага йўналтирилган бюджетлаштиришни жорий этиш орқали маблағлар самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, гендер ва “яшил” бюджетлаштириш йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган. Икки кун давомида бу борада бир-биримиз эришаётган амалий натижаларимизни ўрганамиз, келгуси ҳамкорлик истиқболларини белгилаб оламиз.
Шундан сўнг конференция қатнашчилари томонидан ўз мамлакатлари мисолида давлат молиясини бошқариш тизимидаги янгилик ва ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Жумладан, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида давлат молиясини бошқаришни ислоҳ қилиш стратегияси, рақамли аудитда Қозоғистон тажрибаси, бюджет харажатларини бошқаришда ёндашувлар эволюцияси, дастурий бюджетлаштиришни шакллантиришнинг янги тартиби, Ўзбекистон Республикасида дастурий-мақсадли бюджетлаштиришга ўтиш доирасида бюджет дастурларини шакллантириш каби мавзулар юзасидан маърузалар тингланиб, ўзаро фикр алмашилди.
– Давлат молиясини бошқариш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳар бир мамлакатнинг ички сиёсати бўлса-да, бугун тез ўзгараётган дунёда бу борада бошқа давлатлар тажрибасини ўрганиш ва ижобий натижа берган анъаналарни қўллаш долзарб аҳамият касб этмоқда, – дейди Беларусь Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари Елена Печень. – Айниқса, бу савдо-иқтисодий алоқалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, ташқи товар айланмасида улуши юқори бўлган МДҲ давлатлари учун жуда муҳим. Айни чоғда дунё иқтисодиётида кузатилаётган тебранишлар, глобал муаммолар давлатлар бюджет сиёсатига ўз таъсирини ўтказмоқда. Бундай шароитда ўзаро тажриба алмашиш, давлат молияси соҳасида амалиётда синалган ва ўзини оқлаган усулларни ўрганиш барчамиз учун манфаатли бўлади.
[gallery-28922]
Тадбир доирасида давлат молиясини бошқаришда илғор халқаро тажрибалар, рақамлаштириш жараёнлари, бюджет интизомини мустаҳкамлаш ва очиқлигини таъминлаш, шунингдек, ички аудит ҳамда молиявий назорат тизимини такомиллаштиришга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
– Кейинги йилларда анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур конференция молиячиларнинг ўзаро тажриба алмашиш учун қулай майдон вазифасини ўтамоқда, – дейди Тожикистон Республикаси молия илмий-тадқиқот институти директори Умид Давлатзода. – Бунда МДҲ мамлакатлари молия соҳаси масъуллари ўз фаолияти, янги иш услублари ҳақида маълумот бериш билан бирга, бошқаларнинг ибратли тажрибаларини ўрганади. Самарқанддаги учрашувимизда рақамли технологиялар, сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш, аналитик таҳлил, ривожланиш дастурлари бўйича фикр алмашяпмиз. Биз учун Ўзбекистоннинг “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича эришаётган натижалари эътиборли ва бу борада уларнинг тажрибасини ўрганмоқчимиз.
Конференция давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари