Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Журналистлар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Тошкент шаҳрида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ҳамда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга қаратилган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумга мувофиқ, Журналистлар уюшмаси соҳадаги давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш учун аудио, видео ва бошқа медиаконтентлар тайёрлаш ишларига ўз аъзоларини кенг жалб этади. Томонлар оила институтини мустаҳкамлаш ва миллий қадриятларни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш мақсадида хорижий аудитория учун сифатли журналистик материаллар тайёрлаш ҳамда “Олтин қалам”, “Атиргул” каби кўрик-танловлар орқали энг яхши ижодий ишларни аниқлаб, муаллифларни муносиб рағбатлантиришга келишиб олдилар. Шунингдек, ҳамкорлик доирасида мунтазам равишда медиатурлар, матбуот анжуманлари ва брифинглар ташкил этилиб, уларда ОАВ вакилларининг фаол иштироки таъминланади.
Бундан ташқари, қўмита тизими ходимлари ва хотин-қизлар фаолларининг медиа соҳасидаги кўникмаларини ошириш мақсадида махсус семинар-тренинглар ўтказиш, соҳага оид ахборотларни йиғиш асосида чуқур таҳлилий материаллар тайёрлаш ҳамда тизим ахборот хизматларига рақамли коммуникациялар йўналишида методик ёрдам кўрсатиш устувор вазифа этиб белгиланди. Ҳужжатда ижтимоий тармоқларда фаол блогерлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда жойларда журналистика соҳаси фахрийларини эъзозлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш масалалари ҳам ўз аксини топган.

ЎзА