“Мен – донорман!” акцияси ўтказилди
Андижон вилояти ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда вилоят қон қуйиш станцияси ҳамкорлигида ёшлар иштирокида “Мен – донорман!” акцияси ўтказилди.
– Ушбу тадбир ёшларнинг эзгулик ва меҳр-оқибат акциясига айланди. Мазкур тадбирда 200 нафардан зиёд кўнгилли ёшлар иштирок этиб, беғараз ёрдамлари орқали кўплаб хаста инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга, турли касалликлардан фориғ бўлишга ўз ҳиссаларини қўшди. Акция давомида жами 50 литрдан зиёд қон жамланди. Бу ўнлаб инсонларга ҳаёт бахш этувчи бебаҳо туҳфадир. Ушбу эзгу ташаббус орқали ёшлар ўзларининг саховатли қалби, юксак ижтимоий масъулияти ва инсонпарварлик фазилатларини яна бир бор намойиш этди, – дейди вилоят ёшлар ишлари бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари Назира Убайдуллаева.




Ўтказилган акцияси жамиятда донорлик маданиятини шакллантириш, аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА.