Пропан савдосида ноқонуний ҳаракатлар аниқланди
Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси пропан импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 2025 йилнинг ноябрь-декабрь ойлари ва жорий йилнинг январь ойида пропаннинг биржа савдоларида бошланғич нархларни асоссиз ошириш ва ҳажмларни сунъий равишда биржа савдоларига чиқармаслик натижасида пропан нархларини ошириб юборилиши ҳолати бўйича иш қўзғатган эди.
Қўмита томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида пропан нархи 21 фоизгача арзонлаштирилишига эришилди.
Қўмита Махсус комиссияси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари ҳамда ишни кўриб чиқиш жараёнида ўтказилган хўжалик юритувчи субъектлар билан ўтказилган муҳокамалардан келиб чиқиб 31 та субъект томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани эътироф этилди.
Шундан, 12 та субъект томонидан биржа савдоларида рақобатга зид бўлган мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширганлик ҳолатлари, қолган ҳолатларда биржа савдоларида бошланғич нархларни асоссиз ошириш, маҳсулотни қонунчиликка зид равишда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотганлик ҳаракатлари содир этганлиги аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси томонидан 31 та субъект томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги эътироф этилиб, қонунбузилиши давридаги товар айланмасига нисбатан (28,9 млрд. сўм) миқдорида молиявий жарима қўллаш ҳамда асоссиз олинган (34.1 млрд. сўм) пул маблағларини республика бюджетига йўналтириш бўйича қарор қабул қилинди.
Шунингдек, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мажбурий кўрсатмалар берилди. Қарордан норози томонлар белгиланган тартибда апелляция ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА