Меҳнатидан барака топмоқда
Бугунги кунда юртимизда аҳолининг бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва томорқадан унумли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, кичик иссиқхоналар ташкил этиш орқали йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имконияти кўплаб хонадонлар учун барқарор даромад манбаига айланмоқда.
Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Икром Эргашев ана шундай фидойи инсонлардан бири. У узоқ йиллар давомида газ таъминоти соҳасида самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан бўлса-да, фаолликдан тўхтагани йўқ.

Айни пайтда у ўз ҳовлисидаги 2 сотихли иссиқхонада деҳқончилик билан шуғулланиб, оиласига қўшимча даромад келтирмоқда. Имтиёзли кредит асосида ташкил этилган иссиқхонада ҳозир помидор етиштирилмоқда. Кўчатлар парвариш қилингани сайин гуллаб, ҳосилга кириш арафасида турибди.
Бундан ташқари, иссиқхонанинг бир қисмида бодринг ва булғор қалампири ҳам етиштирилмоқда. Бу эса бир мавсумда бир неча турдаги маҳсулот олиш имконини яратади.

–Иссиқхонамиздан йилига уч марта ҳосил оламиз. Аввало, помидор, кейин бодринг экиб, қишга яқин кўкатлар етиштириб, қўни-қўшни ва дўконларга етказиб берамиз. Даромадимиз ҳам меҳнатимизга яраша. Энг муҳими, бозордан деярли маҳсулот сотиб олмаймиз, — дейди Икром Эргашев.
Хулоса қилиб айтганда, томорқадан самарали фойдаланиш, меҳнатсеварлик ва ташаббускорлик ҳар бир хонадон фаровонлигини таъминлашда муҳим омилдир. Икром Эргашев каби инсонлар тажрибаси эса бошқалар учун ҳам ибрат бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири