“Халқаро ўрмонлар куни”га бағишланган форум (+видео)
“Халқаро ўрмонлар куни” муносабати билан Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги томонидан Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида “Барқарор “яшил” тараққиёт йўлидаги мулоқот: умумий келажак учун инвестициялар” мавзусида Халқаро форум ташкил этилди.
Форумни Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Таъкидландики, бугунги кунда ҳар дақиқада 9 квадрат метр тупроқ деградацияга учрамоқда. Ушбу муаммони бартараф этишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, давлатимиз томонидан иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, чўлланишга қарши тизимли курашиш, янги ўрмонлар барпо этиш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Тадбирда халқаро экспертлар, Экология қўмитаси ва Ўрмон агентлиги масъуллари, тизим ташкилотлари ва ҳудудий ўрмон хўжаликлари раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, форумда БМТнинг ўрмонлар бўйича Форуми раиси Исмаил Белен, Форум котибияти директори Жулиетта Биао ва ФАОнинг Ўрмончилик бўлими директори Жи Мин Ву нутқ сўзлади. Меҳмонлар бутун дунёда бўлаётгани каби Ўзбекистонда ҳам давлат раҳбарининг бевосита эътибори билан экологик барқарорликни таъминлаш, яшиллик даражасини ошириш, ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
-Барчамизга маълумки, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси қабул қилинган бўлиб, унда 1.5 млн гектар ўрмонзорлар барпо этиш ва қайта тиклаш ишларини амалга ошириш белгиланган, - дейди Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги бўлим бошлиғи Зафар Эшонқулов. – Шу жумладан тоғолди, тўқай ва чўл ҳудудларимиз бор. Чўл ҳудудларимиз республикамиз бўйича 80% дан ошиқни ташкил этади.
Бизни Марказий Осиёда нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Турманистон давлатларида ҳам чўл ҳудудлари бор. Ўша жойларда тупроқ иқлим шароитига мос бўлган дарахтларни танлаб, ўрмонзорлар ташкил қилиш мақсад қилинган. Саксовул, Черкес, Қандим, яна олимларнинг илмий-тадқиқот маҳсули бўлган Қорабуроқ ўсимликлари борки улар ҳозирда чўл ўрмонзорларининг асосий қисмини ташкил қилмоқда.
Шундан сўнг ўрмон хўжалиги йўналишида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари “Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги фидойиси” ва “Россия ўрмонларни муҳофаза қилиш марказининг 85 йиллиги” юбилей медаллари билан тақдирланди.
Куннинг иккинчи ярмида форум иштирокчилари пойтахтимизни Тошкент вилояти билан боғловчи ҳудудда янгидан барпо этилаётган “Дендрология боғи” билан танишишди. Боғнинг умумий майдони 77 гектар бўлиб, бу ерда пойтахтликлар ва шаҳар меҳмонлари учун яратиладиган шарт-шароитлар барчада илиқ таассурот уйғотди. Шу куни меҳмонлар боғ ҳудудига эсдалик учун манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mfJHxgTx92Y" title="“Xalqaro o‘rmonlar kuni”ga bag‘ishlangan forum" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА