“Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” парламентлараро форумининг қўшма баёноти қабул қилинди
Минтақамиз ва Европа ўртасидаги парламент дипломатиясини тизимли тарзда ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун самарали мулоқот майдонига айланган “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи парламентлараро форуми якунига етди.
Форумда Ўзбекистон Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мазкур формат парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, ишончни ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қиладиган муҳим платформа эканини таъкидлади.

Бир йил олдин Самарқандда ўтган “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” саммити минтақалараро ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига олиб чиқди. Форум айнан ўша саммитда илгари сурилган ташаббуслардан бири бўлиб, бугунги муносабатлар янги, сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилди.
Европа парламенти раиси ўринбосари Кристель Шальдемозе Европа Иттифоқининг Марказий Осиё билан ҳамкорлиги кенг қамровли бўлиб, кўп томонлама ҳамкорлик, эркин савдо ва демократия тамойилларига асосланган барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилганини қайд этди.

Марказий Осиё ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича Европа парламенти делегацияси раҳбари, Европа парламенти депутати Жузи Принчи парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш, барқарор ривожланиш ва қонун устуворлигини таъминлашда ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратди.
Қозоғистон Парламенти Мажлиси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Айгуль Куспан, Тожикистон Мажлиси Намоёндагон Мажлиси Оли раисининг ўринбосари Мавсума Муини, Туркманистон Межлиси Халқаро ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Максат Кулиев, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенешининг Фан, таълим, инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари, маданият, спорт ва ёшлар ишлари қўмитаси раисининг ўринбосари Салтанат Аманова минтақалараро шерикликни янада чуқурлаштириш зарурлигига урғу берди.

Сиёсий мулоқотни ривожлантириш, парламент дипломатиясининг ролини кучайтириш ва ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Форум доирасидаги сессияларда “Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг бугунги ҳолати ва унинг истиқболлари” кўриб чиқилди. Иқтисодий ўзаро боғлиқлик, барқарор ўсиш ва “яшил” трансформация масалалари муҳокама қилинди. Қонун устуворлиги, рақамли трансформация ва инклюзив бошқарув масалаларига эътибор қаратилди.
Форум якунида тадбир доирасида илгари сурилган ташаббус ва келишувлар акс этган “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи парламентлараро форумининг қўшма баёноти қабул қилинди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА