Фарғонага ташриф иқтисодий тараққиётнинг янги босқичини намоён қилди
Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи, унда белгилаб берилган устувор вазифалар ҳудуд равнақини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Мазкур ташрифнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Ибрагимова ўз муносабатини билдирди:
— Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи ҳудуд иқтисодиётини диверсификация қилиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаларини кўрсатди. Ушбу ташрифлар орқали саноатдан тортиб аграр соҳагача, ёшлар бандлигидан инвестиция муҳитигача бўлган барча йўналишларда “юқори қўшилган қиймат яратиш” тамойили устувор экани яна бир бор намоён бўлди.
Хусусан, “Crown Ceramic” қўшма корхонаси фаолияти билан танишув маҳаллий хомашё асосида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини кўрсатди. Оддий хомашёни юқори қийматли маҳсулотга айлантириш, энергия тежамкор технологиялар, рақамлаштириш ва экологик ёндашувлар нафақат саноат самарадорлигини, балки ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ҳам оширмоқда. Бу эса саноатлашувнинг янги босқичини англатади.

“Қува Агростар” ва агровольтаика мажмуалари билан танишув қишлоқ хўжалигида анъанавий ёндашувдан комплекс агробизнес моделларига ўтиш бошланганини тасдиқлади. Етиштириш – сақлаш – қайта ишлаш – экспорт занжирининг ягона тизимга айланиши деҳқон ва томорқа эгалари даромадини оширишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, “яшил” энергия, сув тежовчи технологиялар ва агродронлардан фойдаланиш орқали аграр соҳада самарадорлик, экологик барқарорлик ва рақобатбардошлик таъминланмоқда.
Каркидон сув омбори ҳудудидаги янги туризм мажмуаси ҳамда Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг очилиши Фарғонанинг туризм ва маданий мерос салоҳиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу лойиҳалар нафақат сайёҳлар оқимини ошириш, балки хизматлар экспорти, янги иш ўринлари ва ҳудудий брендни шакллантиришга хизмат қилади. Айниқса, тарихий меросни замонавий туризм инфратузилмаси билан уйғунлаштириш мамлакатнинг халқаро имижини мустаҳкамлайди.
Қува туманидаги 1-сонли техникум ва Фарғона шаҳридаги “IT Park Uzbekistan” мажмуасига ташриф инсон капиталига сармоя энг муҳим стратегик устуворлик эканини кўрсатди. Ёшларни замонавий касблар, хорижий тиллар, IT, сунъий интеллект ва стартап муҳитига жалб этиш келгусида юқори даромадли иқтисодиёт учун мустаҳкам кадрлар базасини яратади. Бу эса “ресурсларга эмас, билимга таянган иқтисодиёт” моделига ўтишнинг амалий ифодасидир.
Умуман, Фарғона вилоятида амалга оширилаётган лойиҳалар — саноат корхонаси, агромажмуа, туризм маркази, техникум ёки IT-парк бўлишидан қатъи назар, аввало, инсон манфаати, янги иш ўринлари, барқарор даромад ва замонавий ҳаёт сифатини таъминлашга қаратилган.
Бундай ташрифлар жойлардаги мавжуд имкониятларни чуқур таҳлил қилиш, истиқболли лойиҳаларни тезлаштириш ва аҳоли фаровонлигига бевосита таъсир қилувчи вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА