Маҳалла – аҳоли ишончини, имконият ва фаровонликни таъминлайдиган асосий бўғин
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 16 июль куни маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ва “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши мамлакатимизда инсон қадрини таъминлаш, аҳоли муаммоларини бевосита жойларда ҳал этиш ҳамда маҳаллаларнинг иқтисодий ва ижтимоий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Сўнгги йилларда туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг молиявий ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Натижада ҳудудларда қоладиган қўшимча даромад ҳажми икки бараваргача ошди, ҳар бир туманда ўртача 22 миллиард сўм қўшимча маблағ, маҳалла бюджетларида эса, 150–200 миллион сўмгача қўшимча тушум шаклланди. Бу рақамлар маҳаллий раҳбарлар ва “маҳалла еттилиги” аъзоларида аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун ҳам ваколат, ҳам етарли молиявий ресурс мавжудлигини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг “ресурс ва ваколат бор, етишмаётган жиҳат - масъулият ва ташаббускорлик” деган танқидий фикри ҳар бир маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим, профилактика инспектори, солиқчи ва банк ходими учун муҳим дастуриламал бўлиши керак. Маҳалладаги муаммони юқори ташкилотлардан топшириқ кутиб эмас, аҳоли билан мулоқот қилиш, ҳудуд имкониятларини чуқур ўрганиш ва аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш орқали ҳал этиш зарур.
Йиғилишда келтирилган маълумотлар айрим ҳудудларда ишларни ташкил этишда жиддий камчиликлар борлигини кўрсатди. Хусусан, йил бошидан буён 87 та маҳалланинг ҳар биридан Халқ қабулхоналарига 200 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган. “Ташаббусли бюджет” учун 7,5 триллион сўм маблағ ажратилган бўлса-да, 2 минг 136 та маҳаллада бирорта ҳам лойиҳа ғолиб бўлмаган. Бу ҳолат маҳалла аҳлини умумий мақсад атрофида бирлаштириш, жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мавжуд имкониятлардан фойдаланиш даражаси ҳали талабга жавоб бермаётганини англатади.
Айни пайтда мамлакат миқёсида ижобий натижалар ҳам мавжуд. Олти ой давомида банклар томонидан кичик лойиҳалар учун 18,5 триллион сўм ресурс ажратилиб, 110 мингта микролойиҳа амалга оширилган ва 259 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Бироқ 47 та маҳаллада атиги иккитадан микролойиҳа ишга туширилгани, 32 та маҳаллада яшаётган 960 та кам таъминланган оила аъзоларидан бирортаси доимий ишга жойлаштирилмагани маҳалладаги имкониятларни аниқлаш ва ишга солишда янгича ёндашув зарурлигини кўрсатади.
Президент томонидан маҳалла раиси ўз ҳудудининг тўлақонли раҳбари бўлиши кераклиги таъкидлангани алоҳида аҳамиятга эга. Эндиликда маҳалла раиси “еттилик” аъзоларининг ҳафталик ва ойлик иш режаларини тасдиқлаб, улар олдига аниқ вазифалар қўяди ва ижросини мунтазам назорат қилади. Бу тартиб маҳалладаги ишларни тарқоқ ҳолда эмас, ягона мақсад ва ўзаро мувофиқлаштирилган режа асосида олиб бориш имконини беради.
Айниқса, ҳар бир ишсиз фуқаронинг имкониятини алоҳида ўрганиш, ким тадбиркорлик қилишни, ким оила даромадини оширишни исташини, кимга кредит, асбоб-ускуна ёки ер майдони зарурлигини аниқлашга асосланган манзилли ёндашув катта аҳамият касб этади. Бундай тизим аҳолини шунчаки рўйхатга олишдан аниқ иқтисодий ечим ва барқарор даромад манбаини яратишга ўтишни англатади.
Маҳаллаларга бириктирилган банк ходимлари фаолиятини тубдан ўзгартириш, ҳар бир банкирга учтадан ортиқ маҳалла бириктирмаслик, улар учун тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳам муҳим қарор бўлди. Оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун қўшимча 2 триллион сўм имтиёзли кредит ресурси ажратилиши, мураккаб маҳаллаларда кредит фоизининг 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилиши аҳоли ташаббусларини амалий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш бўйича белгиланган чоралар ҳам ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Ер ва мол-мулк солиғидан маҳаллада қоладиган улушнинг 10 фоиздан 15 фоизга оширилиши, санитария ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг бир қисмини маҳалла бюджетига йўналтириш, бўш турган биноларни сотувга чиқариш ҳуқуқининг берилиши натижасида маҳалла бюджетлари даромади 2026 йилда 1,6 триллион сўмга, кейинги йилдан эса, 2 триллион сўмга етиши кутилмоқда.
Йиғилишда давлат ва ижтимоий хизматларни аҳолига яқинлаштириш масаласига ҳам катта эътибор қаратилди. Бугунги кунда «маҳалла еттилиги» орқали қарийб 100 турдаги давлат хизмати кўрсатилаётган бўлса, келгусида барча давлат хизматларини босқичма-босқич маҳалла даражасига тушириш белгиланди. Бу аҳолининг вақт ва маблағини тежаш, ортиқча қоғозбозлик ва идорама-идора юриш ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда адолат ва холисликни таъминлаш ҳам йиғилишнинг муҳим йўналишларидан бўлди. Айрим маҳаллаларда ижтимоий реестрга киритиш бўйича мурожаатларнинг асоссиз рад этилиши эҳтиёжманд оилаларни давлат ёрдамидан маҳрум қилаётгани кескин танқид қилинди. Йил якунига қадар ногиронликни эрта аниқлаш, уй-жойни имконияти чекланган шахсларга мослаштириш ва ижтимоий уй-жой бериш каби 25 турдаги ижтимоий хизматни маҳалла даражасига тушириш белгилангани инсонпарвар давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.
Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида эришилаётган натижалар ҳам эътиборга лойиқ. Илгари криминоген вазияти оғир бўлган 1 минг 162 та маҳалланинг 571 тасида жорий йилда бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган. Бу натижа видеокузатув воситаларини ўрнатиш, хавфсиз кўчалар ташкил этиш, оилаларга психологик кўмак кўрсатиш ва муаммоларни илмий асосда ҳал қилиш самарасини кўрсатади.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан маҳалла ходимларининг малакасини мунтазам оширишга алоҳида эътибор қаратилгани жуда муҳим ташаббусдир. Маҳалла фаолияти энди фақат мурожаатларни қабул қилиш ёки маълумотнома бериш билан чекланмайди. Бугун маҳалла ходимидан аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик лойиҳаларини шакллантириш, ижтимоий ҳимояни манзилли ташкил этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш ва давлат хизматларини аҳолига яқинлаштириш каби кўп қиррали вазифаларни профессионал даражада бажариш талаб этилмоқда. Шу маънода, “маҳалла еттилиги” фаолиятини методик ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган Маҳаллани ривожлантириш миллий институтининг ташкил этилиши маҳалла бошқаруви тизимида янги босқични бошлаб беради.
Мазкур институт “маҳалла еттилиги” аъзоларини ўқитиш, уларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, ҳудудлардаги муаммолар бўйича илмий асосланган ечимларни ишлаб чиқиш билан шуғулланиши белгиланган. Бу ташаббус маҳалла ходимларининг фақат назарий билимини эмас, балки аҳоли билан мулоқот қилиш, мурожаатларни таҳлил этиш, ҳудуднинг «ўсиш нуқталари»ни аниқлаш, лойиҳалар тайёрлаш, молиявий ресурсларни жалб қилиш ва ижрони назорат этиш қобилиятини ҳам ривожлантириши лозим. Ўқув жараёнини намунавий маҳаллаларда амалий стажировкалар, вазиятли машғулотлар ва муваффақиятли тажрибаларни ўрганиш асосида ташкил этиш айниқса самарали бўлади. Натижада маҳалла тизимида замонавий фикрлайдиган, ташаббускор, масъулиятли ва аҳоли дарди билан яшайдиган профессионал кадрлар шаклланади.
Видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак қурамиз” деган эзгу ғоя билан ҳамоҳангдир. Зеро, маҳалла — турли авлод, касб ва ижтимоий қатлам вакилларини бирлаштирадиган, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, меҳр-оқибати ва Ватан тақдирига дахлдорлиги намоён бўладиган муқаддас маскандир.
Умуман олганда, 16 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши маҳалла тизимида янги бошқарув маданиятини шакллантиришга қаратилган тарихий аҳамиятга эга ташаббусларни белгилаб берди. Маҳалла энди фақат мурожаатларни қабул қиладиган ёки маълумотнома берадиган тузилма эмас, балки ҳудуднинг иқтисодий имкониятларини аниқлайдиган, аҳолини иш билан таъминлайдиган, тадбиркорликни қўллаб-қувватлайдиган, ижтимоий ҳимояни адолатли ташкил этадиган ва жамоат хавфсизлигини таъминлайдиган қуйи бошқарув марказига айланиши лозим.
Президентимиз таъкидлаганидек, маҳалла одамлар учун ҳақиқий ишонч, кўмак ва имкониятлар маркази бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир маҳалла раиси ва «еттилик» аъзоси ўз фаолиятини ҳисоботлар ёки рақамлар билан эмас, аҳолининг розилиги, яратилган иш ўринлари, ошган оилавий даромад, ҳал этилган муаммолар ва ҳудуддаги ижобий ўзгаришлар билан баҳолаши зарур. Энг муҳими, мазкур чора-тадбирлар маҳаллаларда ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва соғлом ижтимоий муҳитни мустаҳкамлайди. Одамларда эртанги кунга ишонч ортади, оилаларда тинчлик ва тотувлик қарор топади, ёшлар Ватанга садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияланади. Шу тариқа, “ҳеч ким эътибордан четда қолмайди” деган инсонпарвар тамойил Янги Ўзбекистон маҳаллаларида амалий мазмун касб этади.
Абира Ҳусейнова,
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати,
Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили