Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар учун имконият
15-16 июль кунлари Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” кўргазмалар мажмуасида транспорт йўналишида миллий саноат занжири кўргазмаси ўтказилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни йирик давлат буюртмачилари билан бевосита боғлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда янги маҳаллийлаштириш лойиҳаларини шакллантиришга қаратилган кўргазманинг иккинчи кунида 1,5 минг нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. 80 дан ортиқ корхона транспорт соҳаси учун мўлжалланган маҳсулотлари, бутловчи қисмлари ҳамда технологик ечимларини намойиш этди.
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги матбуот котибининг маълум қилишича, давлат харидлари орқали 10 мингдан ортиқ 714 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Янги алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида 90 дан ортиқ меморандумлар имзоланди.
– Кўргазма биз учун жуда фойдали бўлди, – дейди “MCITY” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Давронхўжа Абдулҳафизов. – “Uzbekistan airports”, “Avtoyo’l” каби йирик компаниялар билан 75 миллиард сўмлик шартномалар имзолашга муваффақ бўлдик. Бундан тўрт йил олдин “Uzbekistan airports”га 2 миллион долларлик импорт ўрни босувчи махсус техникаларимизни етказиб бергандик. Ўтган давр мобайнида бу техникаларимиз ўзини оқлагани учун ҳам компания бу гал биз билан 40 миллиард сўмлик меморандум имзолади.
Кўргазманинг биринчи кунида 50 дан ортиқ B2B ва B2G учрашувлари ўтказилиб, 81 та янги ҳамкорлик меморандумлари, 490 миллиард сўмлик маҳсулотлар хариди бўйича 4778 та шартнома имзоланган эди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири