Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга индивидуал режа ишлаб чиқиш тартиби белгиланди
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини тизимли равишда қамраб олиш ишлари изчил давом этмоқда. Хусусан, Ҳукуматнинг 2026 йил 29 январдаги қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий реестрни юритиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, ижтимоий реестрга киритилган оилаларга индивидуал режа ишлаб чиқиш тартиби белгиланди.
Низомга кўра, Индивидуал режани ишлаб чиқиш мазкур оила “Ижтимоий реестр”га киритилган кундан бошлаб 10 иш куни ичида амалга оширилиб, оила Реестрга киритилгандан сўнг 3 иш куни ичида оила яшайдиган маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси томонидан “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали, ижтимоий ходим томонидан ахборот модули орқали индивидуал режа ишлаб чиқилади.
Индивидуал режа оиланинг имкониятлари, кўникмалари, қизиқишлари, фикри, яшаш шароити ҳамда Реестрга киритиш тўғрисидаги аризасида кўрсатилган хизматларга бўлган эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилиши оилалар учун айни муддао десак, янглишмаймиз.
Индивидуал режада оилага тақдим этиладиган қонунчилик ҳужжатларида белгиланган хизматлар, уларни тақдим этиш тартиби, муддати ва уларга масъул давлат органи кўрсатилиб, хизматлар шакллантирилгандан сўнг у оиланинг муомалага лаёқатли аъзосига таништирилади.
“Маҳалла еттилиги” томонидан индивидуал режа 2 иш кунида кўриб чиқилиб, оддий кўпчиликнинг овозига асосан, индивидуал режани тасдиқлаш, индивидуал режани ҳоким ёрдамчиси ёки ижтимоий ходимга қайта кўриб чиқиш учун қайтариш тўғрисидаги қарорлардан бири қабул қилинади.
Қарорда индивидуал режаларнинг ижроси ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходим томонидан ҳар 3 ойда камида 1 марта ўрганиб борилиши қатъий белгиланган.
Шербек Исломов тайёрлади, ЎзА