Ислом молияси: Исломий ипотека ёки уй сотиб олиш имкониятлари яратиладими? (+видео)
Исломий банк анъанавий банклар каби пул бермайди. Аксинча, банк маҳсулот таклиф қилади. Масалан, сизга машина керак. Бу ҳолатда банк автомобилни сизнинг ўрнингизга сотиб олади. Айтайлик, автомобиль нархи 150 миллион сўм. Банк ўзининг 30 миллион сўмлик фойдасини қўшиб, жами 180 миллион сўмга сизга сотади. Шундан кейин ушбу суммани белгиланган муддатга — масалан, 5 йилга бўлиб тўлаш имконини беради. Бу ерда фоиз қўшилмайди. Нарх олдиндан келишиб олинади ва кейинчалик ўзгармайди. Шу тариқа, банк фоиз орқали эмас, балки савдо орқали фойда кўради.
Жорий йилнинг 27 мартида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Банк-молия академиясининг катта ўқитувчиси, ислом молияси эксперти Ҳамид Раҳматов ушбу қонунда назарда тутилган янгиликлар, муҳим жиҳатлар хусусида суҳбатлашдик.
– Қонун асосида Ўзбекистонда исломий банклар қачондан иш бошлайди?
– Барчага маълум, мазкур қонун Ўзбекистонда исломий молия тизимини жорий этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Бироқ, қонунда аниқ бошланиш санаси белгиланмаган. Амалий жиҳатдан, исломий банклар фаолияти Марказий банк томонидан бериладиган махсус лицензия асосида йўлга қўйилади. Лицензия бериш жараёни одатда 2 ойгача давом этади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач, яъни 2026 йил 29 июндан кучга киради. Қонуннинг ўзи билан бирга, уни қўллаш механизмларини ишлаб чиқиш учун ҳукуматга ҳамда Марказий банкка маълум муддат берилган. Ушбу муддат ичида Марказий банк зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, хусусан, исломий молия стандартларини тасдиқлаши лозим.
Шу сабабли, 2026 йилдан бошлаб исломий банк хизматлари босқичма-босқич жорий этилиши кутилмоқда. Дастлаб банклар “исломий ойна” орқали хизмат кўрсатади, кейинчалик эса тўлиқ мустақил исломий банклар шаклланиши мумкин. Бу жараёнда турли хил шартномалар амалиётга татбиқ этилади.
Марказий банк томонидан қонун ости ҳужжатлари ишлаб чиқилади. Тартиб-қоидалар, стандартлар ва назорат механизмлари белгиланади.
Ушбу қонун билан айрим қонун ҳужжатларига исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, банкнинг исломий молия операциялари жумласига қуйидагилар киради. Яъни, фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини инвестициявий омонатларга жалб этиш, вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки инвестициявий омонатларга жалб этиш, товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш, товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали мижозни молиялаштириш.
Шунингдек, биргаликдаги фаолиятни (шерикчилик) амалга ошириш ёки юридик шахсларнинг устав капиталида иштирок этиш орқали мижозни молиялаштириш, мол-мулкни исломий ижарага бериш (сотиб олиш ҳуқуқи билан) юзасидан қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ўзбекистонда банк фаолиятини амалга оширишга ушбу қонунда белгиланган тартибда ташкил этилган ва Марказий банк томонидан бериладиган тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар ҳақлидир. Мазкур лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади ва лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади.
Марказий банкда 5 нафар аъзодан иборат бўлган Марказий банкнинг Исломий молия кенгаши ташкил этилади. Исломий молия фаолияти доирасида жами даромадлар таркибига исломий молия фаолияти бўйича мукофот тарзидаги даромад, исломий суғурта ва исломий қайта суғурта ташкилотининг суғуртаси, қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича даромади киритилади.
– Исломий банкларда фоиз бўлмаса, банклар қандай даромад олади?
– Исломий банклар даромади фоиз эмас, балки реал иқтисодий фаолиятга асосланган шартномалар орқали шаклланади. Бу шартномалар бир неча тоифага бўлинади. Contract trading (савдо шартномалари), мурабаҳа – энг кенг тарқалган модел, олдиндан тўлов асосида савдо, буюртма асосида ишлаб чиқариш, мусашама - оддий савдо, ижара асосидаги, ижара (лизинг), охирида эгалик ўтадиган лизинг, инвестиция, мудараба - фойда тақсимлаш, мушарака - шерикчилик, камайиб борувчи шерикчилик каби тоифага бўлинади.
– Исломий банк хизматлари анъанавий кредитларга нисбатан арзонроқ бўладими?
–Исломий молияда нарх шаклланиши юқоридаги шартномаларга боғлиқ. Масалан, мурабаҳада устама олдиндан белгиланади. Ижарада ижара ҳақи мавжуд, мушаракада фойда улуши тақсимланади. Шу сабабли нарх бозор шароити, риск даражаси, шартнома турига боғлиқ бўлади.
Баъзан исломий молия арзонроқ бўлиши мумкин. Яъни, бу тизимда “ҳар доим арзон” деган тушунча нотўғри.
Бу саволга ягона «ҳа» ёки «йўқ» жавобини бериш қийин. Қонуннинг мақсадларидан бири бу тизимни солиқ жиҳатидан рақобатбардош қилишдир. Ҳозирча, исломий банк хизматлари нархи умумий бозор шароити ва ҳар бир банкнинг бизнес-моделига боғлиқ бўлади. Бироқ, ишончли таҳлил учун бозорда ҳақиқий маҳсулотлар пайдо бўлишини кутиш керак.
– Исломий ипотека ёки уй сотиб олиш имкониятлари яратиладими?
– Ҳа, расмда кўрсатилган шартномалар асосида бир нечта муқобил механизмлар мавжуд. Мурабаҳа – банк уй сотиб олиб, устама билан сотади. Ижара мунтаҳия биттамлик – уй ижарага берилади ва кейин мижозга ўтади. Мушарака мутанақиса – банк ва мижоз шерик бўлиб уй сотиб олади, мижоз банк улушини аста-секин сотиб олади. Бу моделларнинг барчаси реал активга асосланган бўлиб, фоизсиз ипотека тизимини шакллантиради.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини мазкур видеоҳаволада кўришингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mO1_X7dpy4o" title="Islom moliyasi: Islomiy ipoteka yoki uy sotib olish imkoniyatlari yaratiladimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА