"Илғор ижодкор” Президент мукофоти жорий этилади
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган янги ташаббуслар мамлакатда китобхонлик маданияти ва маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу мақсадда қабул қилинган “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони мазкур йўналишда тизимли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.
Фармонга кўра, 2027 йилдан ҳар икки йилда бир марта 12 август – Халқаро ёшлар куни арафасида “Авлодлар мулоқоти” халқаро ёшлар конгресси ўтказилади.
2026 йилдан ҳар йили сентябрь ойида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида миллий урф-одатларга таяниб, юксак маданий-эстетик меъёрлар ҳамда хавфсизликни таъминлаган ҳолда “Ёшлик – ҳаётнинг бахтли ва олтин даври” шиори асосида умуммиллий ёшлар фестивалини ўтказиб бориш йўлга қўйилади.
2026 йилдан китобхонлик маданиятини юксалтириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ёш ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида “Илғор ижодкор” Президент мукофоти жорий этилади.
Унга кўра, шеърият, драматургия ҳамда болалар адабиёти йўналишлари бўйича энг яхши ёзувчи ва шоирлар мукофотланади, ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар БҲМнинг 200 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
2026 йилдан ҳудудларда таълим муассасаси, спорт объектлари, ёшлар ва маданият маркази, кутубхона, кинотеатр, концерт-томоша зали, кўнгилочар сайилгоҳ ва боғлардан иборат ёшларга мўлжалланган инфратузилма объектлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича минимал стандартлар жорий этилади.
2026–2027 йилларда ҳар бир ҳудудда 1 тадан туризм, гастрономик, ёшлар сайилгоҳи ва савдо-сервисга ихтисослашган махсус хизмат кўрсатувчи кўчаларда кутубхона, “book cafe”, китоб дўконлари жойлаштирилади.
Китоб сотувини ойига 10 мингдан оширган тадбиркорларга 1 млрд сўмгача Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ссуда ажратиш чоралари кўрилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА