Икки халқни боғлаган тақдир (+видео)
Одатда дипломатия деганда давлат раҳбарлари ўртасидаги расмий муносабатлар тушунилади. Бироқ кейинги йилларда “халқ дипломатияси” атамаси тобора кенг қўлланилмоқда. Бу, халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч, маданий мулоқот, инсонлар орқали шаклланадиган муносабатлар демакдир.
“Халқ дипломатияси” номли янги лойиҳамизнинг илк сонида тарихчи олим, халқ дипломатияси бўйича етакчи мутахассис — Отабек Алимардонов Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар, икки халқни боғлаб турган тарихий ва маданий ришталар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
— Тарихий манбаларга кўра, немислар ва ўзбеклар ўртасидаги алоқалар бир неча асрлик тарихга эга. XIX аср охирларида юртимизга илк немис диаспораси кириб келган. Улар маҳаллий аҳоли билан яшаб, меҳнат қилиб, маданий мулоқотни йўлга қўйган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида депортация қилинган немис аҳолисини ўзбек халқи бағрикенглик билан қабул қилди. Шу тариқа икки халқ тарихи ўзаро боғланиб кетди.
Шунинг учун ҳам бу муносабатларда зиддиятлар эмас, аксинча, илм-фан, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият ва санъат соҳаларида ҳамкорлик муҳити шаклланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 1992 йилдан бери немис миллий маданий маркази фаолият юритиб келмоқда. Немис миллати вакиллари Ўзбекистонни ўз ватани деб билади.
Ҳозирги кунда Германияда тахминан 15-20 мингга яқин ўзбеклар яшайди. У ерда 20 га яқин ўзбек жамиятлари: “Ҳумо”, “Ўзбегим”, “Ниҳол”, “Давра” каби ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Улар ўзбек урф-одатлари ва қадриятларини асраб-авайлаб, немис жамияти билан уйғун ҳаёт кечирмоқда.
Германияда яшаётган ватандошларимиз соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, илм-фан соҳаларида самарали меҳнат қилмоқда. Кўплаб олимлар Германиянинг нуфузли олийгоҳларида профессор ва тадқиқотчи сифатида иш олиб бормоқда. Улар орқали икки мамлакат ўртасида ижобий муносабатлар янада мустаҳкамланмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда ҳам тахминан 5 мингга яқин немис миллати вакиллари истиқомат қилади. Самарқанд, Бухоро, Фарғона каби ҳудудларда немис диаспоралари фаолият юритади. Улар ўз миллий қадриятларини сақлаган ҳолда маҳаллий жамият билан уйғунлашиб кетган.
Бу ҳақда сўз борганда, Бухорода яшовчи кекса немис аёлининг сўзлари рамзий маъно касб этади:
“Мени маҳаллада "немис биби" деб чақиришади. Бу менга жуда ёқади,” — дейди у.
Бу ибора нафақат бир инсонга берилган ном, балки халқлар ўртасидаги самимий муносабат, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматнинг тимсолидир. Немис биби маҳаллада ўзбек бувилари каби болаларга меҳр улашади, қўшничилик муносабатларини асраб-авайлайди.
Мана шу каби инсонлараро алоқалар орқали халқ дипломатияси шаклланади. Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар фақат расмий келишувлар билан эмас, балки оддий инсонлар, диаспоралар, маданий тадбирлар орқали ҳам мустаҳкамланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “немис биби” образи — халқ дипломатиясининг энг жонли ва таъсирчан кўринишидир. Бу миллатлар ўртасида ишонч, ҳурмат ва дўстлик қандай шаклланишини кўрсатиб берувчи ҳаётий мисолдир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Z9gHdTPkVSw" title="Ikki xalqni bog`lagan taqdir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Дониёр Ёқубов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж),
ЎзА