ИЭСларда рақамли экологик мониторинг тизими қандай самара беради?
Бугунги кунда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи корхоналарда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ташкилотнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Наргис Валиева қайд этганидек, электр станциялар атроф-муҳитга таъсир даражасига асосан I, II ва III тоифаларга киритилган бўлиб, барча корхоналарда экологик бошқарув ISO 14001 халқаро стандарти ҳамда ESG (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув) тамойиллари асосида йўлга қўйилган.
Амалга оширилган ишлар натижасида жамият 2026 йил биринчи чорагида “Sustainable Fitch” агентлигининг илк ESG рейтингига эга бўлди. Компания 50 балл кўрсаткичини қайд этиб, барқарор ривожланиш йўналишида институционал асослар шаклланганини намоён этди.
Жорий йил биринчи чораги якунларига кўра, амалга оширилган самарали чора-тадбирлар натижасида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ҳамда 300 минг тонна СО₂ ташланмалари камайтирилди.
Атмосферага салбий таъсирни камайтириш мақсадида қатор амалий ишлар қилинди. Хусусан, “Яшил макон” дастури доирасида баҳор мавсумида кўчат экиш режаси 190 фоизга бажарилиб, 19 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, чанг-газ тозалаш қурилмаларида профилактика ишлари олиб борилди, 25 та ёқилғини механик тозаловчи фильтрлар янгиланди.
Энергетика тизимида экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида 13,5 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди ҳамда автопарк босқичма-босқич янгиланиб, 25 та электромобиль эксплуатацияга киритилди. “Сирдарё ИЭС”да авариявий ва фавқулодда ҳолатларда мазут ёқиш жараёнларини оптималлаштириш мақсадида замонавий эмульсия тайёрлаш қурилмаси ўрнатилди.
–Рақамли экологик назорат тизимини кучайтириш бўйича ҳам ишлар изчил давом этмоқда. Ҳозирги кунда 19 та устувор манба автоматик мониторинг станциялари билан жиҳозланган бўлиб, уларнинг 11 таси ягона ахборот тизимига интеграция қилинган, қолган объектлар бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Санитар-ҳимоя зоналарида эса 13 та экопост ўрнатилиб, уларни ягона тизимга босқичма-босқич улаш ишлари олиб борилмоқда. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги кунда 7 та сув тозалаш иншооти асосида йилига 26 миллион метр куб сув тозаланиб, унинг 18 миллион метр куби қайта ишлаб чиқариш жараёнларига йўналтирилмоқда. Шу билан бирга, суғориш тизимлари 45 километрга етказилиб, яшил ҳудудларни сақлаш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, 2,2 гектар ер майдонида рекультивация ишлари амалга оширилиб, бузилган ерлар тикланди, – дея таъкидлади Н.Валиева.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА