Дунё уран бозоридаги ўзгаришлар шароитида хорижий инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш зарурати
Айни пайт атом энергетикаси соҳасида жаҳон миқёсида барқарор тикланиш жараёни кузатилмоқда. Муҳим технологик ва экологик омиллар таъсирида сўнгги йилларда атом энергетикасига қизиқиш сезиларли даражада ортди. Халқаро атом энергияси агентлиги (МАGАТE) бош директори Рафаэль Гросси қайд этганидек, атом энергетикаси бугунги кунда “барча учун тоза, ишончли ва барқарор энергия манбаи” сифатида халқаро миқёсда яна эътироф этилмоқда.
Мазкур жараён, аввало, иқлим ўзгаришига қарши кураш доирасида кўплаб давлатлар томонидан белгиланган «нетто-ноль» – углерод мувозанати иқтисодиётига ўтиш мақсади, шунингдек геосиёсий вазият мураккаблашуви шароитида энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ва стратегик қарорлар билан изоҳланади.
Жаҳон атом уюшмаси – “World Nuclear Association” – WNA маълумотига кўра, айни пайт дунё бўйлаб фаолият кўрсатаётган тахминан 440 атом энергетикаси томонидан 2024 йил жами 2667 ТВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган ва бу миқдор ер юзидаги эҳтиёжнинг бор-йўғи 9 фоизини қоплаган.
Шу билан бирга, ҳозир турли давлатларда 70 га яқин янги атом реактори қурилиш босқичида, 110 дан зиёд мажмуани яқин келажакда барпо этиш режаси расман тасдиқланган. Мазкур лойиҳаларнинг салмоқли қисми Осиё қитъасида амалга ошириляпти.
Халқаро таҳлил қарийб 30 давлатда илк бор атом энергетикасини жорий этиш имконияти кўриб чиқиляпти. Хусусан, Бангладеш, Миср, Польша ва Туркияда илк АЭС қурила бошланган. Демак, атом энергетикаси глобал миқёсда қайта ривожланмоқда.
Соҳада кузатилаётган мислсиз тикланиш жараёни келгуси йилларда уран хом ашёсига жаҳон миқёсида талаб кескин ошишидан далолат. WNA ҳисоботида 2024 йил атом реакторлари учун 67 000 тонна уран зарур бўлгани, бу кўрсаткич 2030 йил 28 фоиз ўсиб, йилига 86 000 тоннага яқинлашиши, 2040 йил эса 150 минг тоннадан ошиши тахмин қилинаётгани келтирилган.
“Reuters” агентлиги маълумотига кўра, дунё бўйлаб атом энергетикаси қуввати умумий миқдори жадал ўсиши кутиляпти. Масалан, 2025 йил ўртасида 398 ГВт бўлган айни рақам 2030 йил 13, 2040 йил 87 фоизга етиб, жами 746 ГВт даражасига етказилиши экспертлар томонидан башорат қилинган.
Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда қатор давлатлар аввалроқ ишлаб чиққан атом энергетикасини чеклаш ёки босқичма-босқич тугатишга қаратилган сиёсат қайта кўриб чиқиляпти. Яъни, йўналишни нафақат энергетика тармоғининг стратегик ва ажралмас қисми сифатида сақлаб қолиш, балки атом энергетика қувватини кенгайтириш чоралари давлат миқёсида кўриляпти. Мазкур тенденция уран хом ашёсига глобал талаб узоқ муддатли ва барқарор ўсишини таъминловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Халқаро миқёсда мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракат натижасида 2023 йил бўлиб ўтган СОР28 халқаро экология конференцияси доирасида 31 давлат ўз зиммасига 2050 йилга қадар атом энергетикаси қувватини уч карра ошириш бўйича расмий сиёсий мажбурият олди.
Атом энергетикасини узоқ муддатли ва барқарор ривожлантиришга қаратилган мазкур қарор уран хом ашёсига талаб изчил ўсиб бориши тенденциясини шакллантириши кутилмоқда.
Шу билан бирга дунё уран бозорида таклиф ва талаб мувозанати издан чиқмоқда. WNA қуйидаги маълумотни келтирган: 2022 йил дунё бўйича конлардан қазиб олинган уран 58 200 тонна U₃О₈ (49 300 тонна тоза)ни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич атом электр станцияларининг ёнилғига нисбатан йиллик эҳтиёжининг 74 фоизини таъминлаган. Қолган талаб муқаддам шаклланган, жумладан электр энергетикаси компаниялари стратегик захираси ҳисобидан қопланган.
Кейинги йилларда бозор конъюнктураси нисбатан яхшиланиши туфайли глобал миқёсда қазиб олинган уран миқдори муайян даражада тикланиши кузатилди. Хусусан, 2022-2024 йилларда айни кўрсаткич тахминан 22 фоиз ошиб, 60 200 тоннага кўтарилди. Шунга қарамасдан, халқаро таҳлил амалда ишлаётган уран конларининг салмоқли қисми 2030 йилга келиб ресурс салоҳиятини босқичма-босқич йўқотишини кўрсатмоқда.
WNA баҳолашича, 2030 йилдан сўнг ҳозир фаолият юритаётган конлар ҳисобига қазиб олинадиган уран қарийб икки баробар қисқариши мумкин. Мазкур ҳолат ўрта ва узоқ муддатли истиқболда атом энергетикаси объектларини узлуксиз ёнилғи билан таъминлаш борасида жиддий хавф-хатар юзага келтиради. Бундай таҳдид янги уран манбаларини излаш ва ўзлаштириш бўйича тизимли чора-тадбирларни кечиктирмасдан амалга ошириш заруратини тақозо этади.
Бошқача айтганда, 2030 йилдан кейинги ўн йилликда атом энергетикаси объектларини узлуксиз ёнилғи билан таъминлаш мақсадида янги уран конларини тезроқ фойдаланишга топшириш, муайян сабабга кўра вақтинча тўхтаб турган қазиб олиш майдонларини ишга туширишга қаратилган чора-тадбирларни жадаллаштириш лозим.
Халқаро экспертлар уран конларини геологик разведка қилишдан бошлаб тўлиқ саноат эксплуатациясига етказишгача бўлган жараён, одатда, 10-20 йил талаб этишини таъкидлаб келади. Демак, келгусида юзага келиши эҳтимоли мавжуд хом ашё танқислигининг олдини олиш мақсадида бугуноқ янги геологик-қидирув ишлари ва инвестиция лойиҳаларини тизимли равишда, фаол ривожлантириш керак.
Уран бозоридаги ҳозирги вазият нарх ўзгаришига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Кўп йил мобайнида нисбатан паст даражада сақланган уран нархи охирги икки-уч йил кескин ўсиш тенденциясини намоён этмоқда. Ўтган йил сентябрь ойида “Spot” бозорида уран концентрати (U₃О₈) бир фунти учун 82,63 доллар – сўнгги ўн йилликда қайд этилган энг юқори даражага чиқди.
Уран нархига қатор ҳақли омиллар таъсир кўрсатмоқда. Масалан, молия бозоридаги айрим инвестиция фондлари табиий уранни улкан ҳажмда харид қилмоқда. Жаҳон миқёсида энг йирик уран ишлаб чиқарувчи ҳисобланган Қозоғистоннинг “Qazatomprom” компанияси 2026 йил учун режадаги ишлаб чиқариш ҳажмини ихтиёрий равишда қисқартирди. Шунингдек, Канадада жойлашган “McArthur River” конида техник сабаб туфайли юзага келган кечикиш натижасида иккинчи йирик ишлаб чиқарувчи “Cameco” компанияси ҳам йиллик ишлаб чиқаришни камайтирди.
Хорижий экспертлар хулоса қилишича, дунё бўйлаб хом ашёга талаб ортиши баробарида барқарор таъминотда узоқ муддатли глобал танқислик юзага келмоқда. Айни пайт “талаб мунтазам кучайиши асносида ишлаб чиқариш лозим суръатда ўсмаслиги” бозорда нарх узоқ муддат давомида юқори даражада сақланиб қолиши эҳтимолини оширади.
Геологик қидирув фаолиятини кенгайтириш ҳамда хорижий сармоя жалб этиш бўйича устувор вазифалар
Анчагина салмоқли бўлишига қарамасдан, дунё уран ресурсини иқтисодиёт эҳтиёжига вақтида ва барқарор сафарбар этиш олдиндан режалаштирилган инвестиция ва тизимли геологик изланиш талаб этади. ОЭСД Атом энергияси агентлиги (ОЕСD/NEА) ва Халқаро атом энергияси агентлиги (МАGАТE) томонидан тайёрланган сўнгги “Rеd Bоок-2024” ҳисоботида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, глобал уран захираси атом энергетикаси тараққиёти ижобий манзара касб этган шароитда 2050 йилгача ҳисобланган эҳтиёжни қондириш имконига эгалиги, фақат бу ҳолат вақтида янги геологик-қидирув ишларини бошлаш, конларни топиш, ишга тушириш ва қайта ишлаш қувватини ривожлантиришга қаратилган сармоя йўналтирилган тақдирдагина таъминланиши мумкинлиги таъкидланган.
Мазкур ҳужжатга кўра, 2023 йил II чорагида дунё бўйлаб аниқланган ва қазиб олиниши иқтисодий жиҳатдан мақбул деб топилган уран захираси 7 934 500 тонна. Айни кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 0,5 фоиз ўсган, бироқ икки йиллик ҳисобот даврида янги йирик уран конлари очилишида сезиларли янгилик кузатилмаган. Демак, охирги йилларда глобал миқёсда йирик геологик кашфиёт кам кузатилган.
Жаҳон бозорида уран нархи кўтарилиши ҳамда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича муайян давлатлар қабул қилаётган кенг кўламли стратегик режалар янги манбаларини излаш ва ўзлаштиришга қизиқишни кескин оширмоқда. Бинобарин, “Rеd Bоок” муаллиф-экспертлари ҳам қўшимча захира манзилларини кашф этиш ва саноатга жорий этишга қаратилган саъй-ҳаракатни кечиктирмасдан, ҳозирданоқ фаол бошлаш зарурлиги тўғрисида қатъий хулоса берган.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда жаҳон уран бозорида барқарор, узлуксиз таъминотга эришиш, миллий манфаатни ҳимоя қилиш мақсадида геологик қидирувни жадаллаштириш ва соҳага бугуннинг ўзидаёқ фаол инвестиция киритиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Дунё уран захирасининг салмоқли қисми саноқли мамлакатлар – Қозоғистон, Канада, Австралия, Россия, Намибия каби давлатларда жамланган. Шу билан бирга, таҳлиллар айрим минтақалар, хусусан Африка, Осиё ва Лотин Америкасидаги улкан салоҳиятга эга конлар ҳали етарли даражада ўрганилмаганини кўрсатади.
WNA маълумотига кўра, яқин вақтгача Африка қитъасидаги амалда уран қазиб чиқарилмаган бир қатор мамлакатлар сўнгги йилларда геологик қидирув ишлари ва уран конлари билан боғлиқ лойиҳаларни фаол илгари сураётгани кузатилмоқда. Бу ҳолат ҳам ер юзи бўйлаб уран хом ашё базасини диверсификация қилишга эҳтиёж ошиб бораётганидан далолат.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, йирик атом энергетика дастурларига эга давлатлар, жумладан Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси миллий компаниялари орқали хорижий уран конларига стратегик сармоя киритиш орқали узоқ муддатли ёнилғи таъминоти базасини олдиндан шакллантиришга интилмоқда.
Хуллас, юқорида келтирилган таҳлилий маълумотлар ва башоратлар бугунги кунда хориждаги уран ресурсларига сармоя киритиш ҳамда геологик разведка ишларини кучайтириш миллий энергия хавфсизлигини таъминлаш, хусусан “Навоийуран” давлат корхонасининг узоқ муддатли ва барқарор даромад манбаларини шакллантириш омили эканини кўрсатади.
Худоёр Мелиев, “Навоийуран” ДК
инвестиция бўйича директори