Ичимлик идишларини қабул қилувчи қурилма ўрнатилди
Ўзбекистонда пластик, шиша ва алюминий ичимлик идишларини алоҳида йиғиш ва қайта ишлашга топширишни рағбатлантирувчи пилот лойиҳа ишга туширилди. Яъни, эндиликда пластик ва алюминий идишларни фандоматга топшириш орқали донасига 150 сўмгача пул олиш мумкин.
Лойиҳа Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Норвегиянинг чиқиндиларни автоматик йиғиш ва саралаш технологиялари соҳасида фаолият юритувчи TOMRA компанияси ҳамкорлигида амалга оширилди.
Маълум қилинишича, аҳоли сараланган пластик, шиша ва алюминий ичимлик идишларини махсус фандоматларга топшириб, ҳар бир идиш учун 150 сўм миқдорида рағбатлантирилади.
Бунда ҳар бир идиш учун 150 сўм пул маблағи фуқаронинг Click электрон ҳамёнига ўтказилиши ёки фуқаро ихтиёри билан пул хайрияга сарфланиши мумкин. Тушган маблағлар эса хайрия мақсадлари ва дарахт экиш ташаббусларига йўналтирилади.
Ушбу қурилма пластик чиқиндилар билан боғлиқ экологик муаммоларни бартараф этиш баробарида уларни қайта ишлаш имкониятини яратади. Шунингдек, лойиҳа чиқиндиларни саралашни кундалик одатга айлантириш ва аҳолининг экологик маданиятини оширишга хизмат қилади.
Бугунги кунда мазкур қурилма Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳ кўчаси, 7А-уй манзилида ҳамда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ўрнатилган.
М.Комилова,
ЎзА