Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Навоий вилояти ҳокими Н.Турсунов Мўғулистон давлатининг “BUJT” компанияси директори жаноб Ш.Болор билан учрашди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда Навоий вилояти билан Мўғулистон давлати ўртасида чорвачилик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган узоқ муддатли вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан вилоятга жорий йилда Мўғулистондан 70 минг бош майда шохли мол олиб келиш вазифаси белгиланган.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоятга Мўғулистон давлатидан зотли майда шохли молларни олиб келиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, 2026-2027 йилларда Навоий вилоятида туячилик ва йилқичилик тармоқларини жадал ривожлантириш, сут ва гўшт йўналишидаги зотли туя ҳамда отлар сонини кўпайтириш мақсадида чорвачилик соҳаси тараққий этган хорижий давлатлар билан изчил музокаралар олиб борилмоқда.
Яқин кунларда тадбиркорлардан иборат делегациянинг Мўғулистонга ташрифи режалаштирилган бўлиб, ташриф доирасида ўзаро манфаатли шартномаларни имзолаш кўзда тутилган.
А. Бўриев, ЎзА мухбири