Германияда жосуслик хавотири туфайли мобил телефондан фойдаланиш чекланди
“Spiegel” нашри ёзишича, Германия Мудофаа вазирлиги Россия ва Хитойдан келаётган жосуслик таҳдиди ҳақидаги хавотир асносида идора қароргоҳида мобил телефондан фойдаланишни чеклади.
Манбага кўра, қўл телефони, планшет ёки ақлли соат каби шахсий қурилмаларни “Махфий – фақат расмий доирада фойдаланиш учун” ёки янада юқори таснифланган материаллар муҳокама қилинадиган бевосита ёки виртуал учрашувларга олиб кириш тақиқланади. Мазкур чора, масалан, машқ ёки амалиётни режалаштириш билан боғлиқ, шунингдек Бундесвернинг жанговар тайёргарлигига бағишланган учрашувларга тегишли.
Огоҳлантириш ҳужжатида бундай эҳтиёткорлик “разведка маълумоти устувор мақсади нуқтаи назаридан, қолаверса Россия жосуслик фаолиятидан ҳимояланиш учун” зарурлиги таъкидланган. Бундан ташқари Хитой “разведка маълумотини тўплашга нисбатан стратегик ва узоқ муддатли ёндашув”га амал қилиши ҳам эслатилган.
С.Раҳимов, ЎзА