Фарғонада белбоғли кураш бўйича жаҳон ва Осиё чемпионати якунланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуаси беш кун давомида белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳамда катталар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди.
Нуфузли мусобақада юртимиз спортчилари билан бир қаторда Ҳиндистон, Эрон, Индонезия, Туркия, Латвия, Россия, Миср, Мўғулистон, Польша, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби 30 га яқин давлатнинг энг кучли полвонлари иштирок этди.
Чемпионатнинг дастлабки уч куни ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳсларига бағишланган бўлса, кейинги кунларда катталар ўртасида Осиё чемпионлари аниқланди.
[gallery-29946]
Жаҳон чемпионати якунларига кўра, юртимиз вакиллари медаллар жамғариш бўйича энг яхши натижани қайд этиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Спортчиларимиз бир неча бор давлатимиз мадҳиясининг янграшига сабабчи бўлди.
Осиё чемпионати ҳам муросасиз ва қизиқарли баҳсларга бой тарзда кечди. Эркаклар 8 та, аёллар эса 5 та вазн тоифасида чемпионлик учун кураш олиб борди. Мусобақа давомида Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон полвонлари юқори маҳорат намойиш этиб, мухлислар ва мутахассислар эътиборини қозонди.
Якуний натижаларга кўра, Осиё чемпионатида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Қирғизистон вакиллари иккинчи, Туркманистон спортчилари эса учинчи ўриндан жой олди.
Чемпионатни юқори савияда ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Бутунжаҳон белбоғли кураш ассоциацияси, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Осиё белбоғли кураш конфедерацияси, Фарғона вилояти спорт бошқармаси, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этди.
Ўзбекона меҳмондўстлик, миллий қадриятлар ва мусобақага пухта тайёргарлик хорижлик иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
– Биз Туркманистондан келдик, - дейди туркманистонлик мураббий Нурали Лўлуқов. – Фарғонада жаҳон ва Осиё чемпионатини юқори даражада ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдик. Спортчиларимиз муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришди ва умумжамоа ҳисобида кучли учликдан ўрин олди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда медаллар билан тақдирланди.
Фарғона мезбонлик қилган жаҳон ва Осиё чемпионати халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, белбоғли кураш спорт турини оммалаштириш ва янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА