Фаолияти тўхтатилган ва олов ичида қолган масжид биноси қайта тикланадими?
Маълумки, Самарқанд вилоятидаги «Баҳодир Ялангтўшбий» масжиди моддий маданий мерос кўчмас мулк объекти ҳисобланиб, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан Миллий рўйхатга киритилган. Баҳодир Ялангтўшбийнинг номини абадийлаштириш мақсадида масжидга унинг номи берилган.
Моҳир саркарда сифатида душманлар устидан қозонган ғалабалари, салтанат сарҳадларини дахлсиз сақлашдаги хизматлари, Самарқанд музофотини обод, қўрғонини мустаҳкам ва элини фаровон этгани учун “Эл отаси” унвонига лойиқ топилган Ялангтўшбийнинг номи берилган масжид бугун қай аҳволда?
Манбаларга кўра, “Баҳодир Ялангтўшбий» масжиди ХХ асрнинг 20-йилларигача масжид сифатида фаолият кўрсатган. Шу даврдан эътиборан собиқ мустабид тузум томонидан диний қадриятлар топталиб, масжид фаолияти тўхтатилган ва омборхонага айлантирилган.
Маҳаллий нуроний оқсоқоллар томонидан оғзаки маълумот берилишича, қатағон йиллари (1932-1938) оралиғида масжид биносига ўт кетган ва объект ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Самарқанднинг “Ер юзининг сайқали” бўлишига ҳисса қўшган “Тиллакори” ва “Шердор” мадрасаларини қурдирган буюк шахс Баҳодир Ялангтўш ўзига мўъжазгина мақбара ҳам қурдирмаган.
У ўзини Самарқанд шаҳридан ўн икки километр наридаги Даҳбед қишлоғида мозори жойлашган Махдуми Аъзам зурриёди бўлмиш тариқат илми билимдони Ҳожи Рашид Даҳбедийнинг оёқ учига қўйишларини васият қилган. Мозор бўсағасини ҳатлаганда қаршингиздаги қабр Самарқанд вилояти ҳокими Низомиддин Ялангтўшбий Оталиқнинг мангу қўним топган маконидир.
Самарқанд вилояти Оқдарё тумани «Бодоржой» МФЙ ҳудудида жойлашган «Баҳодир Ялангтўшбий» масжиди бугун авария ҳолатига келиб қолган.
Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 75 миллиард сўм маблағ эвазига таъмирланиб, реставрация ишлари амалга ошириладиган маданий мерос объектлари рўйхатидан «Баҳодир Ялангтўшбий» масжиди ҳам ўрин олган.
Таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк обеъктларининг манзилли рўйхати Илмий-техник тадқиқот гуруҳлари ва Агентлик Илмий-эксперт кенгашининг ижобий хулосалари асосида туризм ва маданий мерос вазири томонидан тасдиқланган.
Ушбу рўйхатдан жами 34 та маданий мерос объекти ўрин олган ва уларни таъмирлаш-тиклаш ишлари учун жами 75 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган.
Хусусан, жорий йилги рўйхатга кўра, кўплаб танқидларга сабаб бўлган “Баҳодир Ялангтўшбий” масжиди, Талипоч қалъа қолдиқлари, “Улуғбек” мадрасаси, Амир Олимхон мадрасаси, Кўк гумбаз, Оқ Сарой, Ислом Хўжа ёзги қароргоҳи, Чодра ҳовли каби объектларда реставрация ишлари олиб борилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Бухоро “Арк” қўрғони мажмуасидаги Қушбеги, Саисхона, Саломхона, Тахтхона маданий мерос объектларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Арк” қўрғони мажмуаси вайроналари қисмида “Археологик парк” ташкил қилинади. Бухоро шаҳридаги “Масжиди Калон” (Пои Калон мажмуаси) қулаб тушган қисмлари ва таъмирталаб деворларини таъмирлаш-қайта тиклаш, атрофини ободонлаштириш ишлари ҳам жорий йилда амалга оширилади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида амалга ошириладиган асрашга доир ишлар учун зарур бўлган маблағлар миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқланади.

Асрашга доир ишлар тегишли Маданий мерос объектлари реставрация дирекцияси томонидан бажарилади.
Зарур ҳолларда мазкур манзилли рўйхатга Маданий мерос агентлиги таклифлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси хулосасига кўра, туризм ва маданий мерос вазири томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Эндиликда, анъанавий равишда ҳар йили республика бўйича авария ҳолатидаги ёки эътибордан четда қолган маданий мерос обеъктларини реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари учун миллий рўйхат шакллантирилиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, жорий йилда яна Қорақалпоғистонда битта ёдгорлик – Халифа-Ражаб мақбарасини тиклаш, Бухорода 17 та, Сурхондарё ва Қашқадарёда тўрттадан, Хоразм вилоятида бешта ва Самарқандда учтадан объектни қайта тиклаш режалаштирилган. Толипоч қалъа қолдиқлари, „Улуғбек“ мадрасаси, Амир Олимхон мадрасаси, Кўк гумбаз, Оқ Сарой, Ислом Хўжа ёзги қароргоҳи, Чодра ҳовли каби объектларда реставрация ишлари олиб борилади.
Бугунга қадар ҳукуматнинг 2022 йилда туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисидаги қарори билан Тошкент, Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хоразм шаҳарларида 38 та маданий мерос обектларини реставрация қилиш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 117,3 миллиард сўмлик лойиҳалар рўйхати тасдиқланган.
Тарихий-маданий мероснинг қадр-қимматини, ёш авлоддан бошлаб жамоатчилик онгига етказиш яхлит бир тизим яратишни тақозо этади. Зеро, бугунги кунда мамлакатнинг тарихий-маданий меросини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш дунёдаги ҳар бир замонавий давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланиб улгурган.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА