Экспорт сари юксалаётган маҳаллий бренд
Бугунги Янги Ўзбекистонда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхоналар фаолиятини ўрганиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ва янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш иқтисодиёт тараққиётига хизмат қилмоқда. Бу борада сиёсий партияларнинг ҳам амалий иштирок этиши тадбиркорлар учун муҳим таянч бўлмоқда.
Ана шу мақсадда тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти Кенгашининг Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда партиянинг Бухоро шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурининг “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” лойиҳаси доирасида Бухоро шаҳридаги “Садриддин Айний” маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган “RUSHAN TEKS” МЧЖ тўқимачилик корхонасида амалий учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида иштирокчилар корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологиялар асосида ташкил этилган цехлари, меҳнат жамоаси учун яратилган муносиб шарт-шароитлар ҳамда экспорт фаолияти билан яқиндан танишдилар. Корхонада пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, юқори сифатли калава ип йигириш ва бўз мато ишлаб чиқаришнинг тўлиқ технологик занжири йўлга қўйилгани унинг юқори саноат салоҳиятидан далолат беради.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур корхонада бугунги кунда 150 нафар фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланган. Бу эса нафақат маҳаллий аҳоли бандлигини ошириш, балки оилалар даромадини кўпайтириш ва ҳудуд иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Корхонада тайёрланаётган трикотаж маҳсулотлари ички бозорда харидорлар эътиборини қозонибгина қолмай, халқаро бозорда ҳам муносиб ўрин эгаллаб бормоқда. Айниқса, Туркияга ҳозирга қадар қарийб 40 миллион АҚШ доллари миқдорида экспортбоп маҳсулот етказиб берилгани “RUSHAN TEKS”нинг халқаро стандартларга жавоб берадиган, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқараётганини яққол тасдиқлайди. Бу натижа маҳаллий бренднинг жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаётганининг ёрқин ифодасидир.
Мулоқот жараёнида партия вакиллари ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш, экспорт географиясини диверсификация қилиш, қўшимча иш ўринлари яратиш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда миллий бренд нуфузини янада ошириш юзасидан қатор амалий таклиф ва тавсияларни илгари сурди.

Корхона раҳбарияти эса мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ва партия томонидан амалга оширилаётган ташаббусларни юксак баҳолаб, келгусида партия билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш ҳамда партия аъзолари сафини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди.
Бугун иқтисодий тараққиётнинг асосий мезони – рақобатбардош маҳсулот, замонавий технология ва экспортбоп ишлаб чиқаришдир. “RUSHAN TEKS” каби корхоналарнинг фаолияти мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини намоён этиб, Янги Ўзбекистон саноати тобора юксак марраларни забт этаётганини кўрсатмоқда. Зеро, маҳаллий маҳсулотнинг халқаро бозорларда муносиб ўрин эгаллаши – мамлакат иқтисодий қудрати, халқ фаровонлиги ва миллий брендларимиз нуфузининг юксалаётганининг энг ёрқин ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири