Экспортчилар муаммолари муҳокама қилинди
Сирдарё вилоятида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, экспортёр корхоналар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қийнаётган масалалар, экспорт ҳажмини ошириш, божхона жараёнларини янада такомиллаштириш ҳамда ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга оид таклифлар муҳокама қилинди.
Сирдарё вилояти Ёшлар марказида ташкил этилган мулоқотда Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Нодир Мусамуҳамедов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Қўшоқов, давлат идораларининг ҳудудий раҳбарлари, экспортёр корхоналар ва 110 нафардан зиёд тадбиркор иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — давлат идоралари ва бизнес вакиллари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш, ташқи иқтисодий фаолият жараёнида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечимлар топишдан иборат бўлди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Кўшоқов мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди.
— Тадбиркорларнинг ҳар бир таклифи ва мурожаати биз учун муҳим. Уларни жойида ўрганиш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш ҳудуд иқтисодий тараққиётининг муҳим омилларидан биридир, — деди ҳокимнинг биринчи ўринбосари.
Божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Нодир Мусамуҳамедов эса бу каби очиқ мулоқотлар тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри ишлаш, соҳадаги муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни белгилашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
[gallery-30410]
Мулоқот давомида тадбиркорлар экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш, божхона расмийлаштируви, логистика, сертификатлаш, лицензиялаш, мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш ва хорижий бозорларга чиқиш билан боғлиқ қатор масалаларни ўртага ташладилар.
Мурожаатларни ҳар томонлама кўриб чиқиш ва уларга тегишли ечимлар топиш мақсадида тадбирга 18 та вазирлик ва идоранинг ҳудудий масъуллари жалб этилди. Шунингдек, Божхона қўмитасининг марказий аппарати раҳбарлари видеоконференцалоқа орқали иштирок этиб, тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Учрашувда Сирдарё вилоятининг ташқи иқтисодий кўрсаткичлари ҳам таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳудуднинг экспорт салоҳияти сезиларли даражада юксалмоқда. Хусусан, саноат маҳсулотлари экспорти 119 миллион доллардан 328,5 миллион долларгача оширилиб, қарийб 2,7 баробар ўсишга эришилган.
Айни пайтда вилоятда саноат ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини 453,9 миллион долларга етказиш, янги экспорт бозорларини ўзлаштириш ва хорижий инвестициялар ҳажмини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, ўтган йил якунига кўра Сирдарё вилояти ташқи савдо айланмаси 994 миллион долларни ташкил этган. Вилоят ҳудудидаги чегара божхона постлари орқали эса 106 мингдан зиёд транспорт воситаси ва қарийб 1 миллион нафар фуқаро ҳаракатланган.
Тадбир доирасида ташқи савдо ва экспорт ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар ҳам тақдирланди. Жумладан, «Бетон Саноат» МЧЖ раҳбари Хилола Обидова «Энг яхши аёл тадбиркор», «Сирдарё-Мега-Люкс» МЧЖ раҳбари Муҳиддин Норматов «Энг интизомли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси»,“Chelebi textile” МЧЖ хорижий корхона раҳбари Ўзкан Жемил Назиф «Энг яхши экспортёр» номинацияларига муносиб кўрилди.
Шунингдек, «Kristall Almaz Group» қўшма корхонаси раҳбари Сабер Муҳаммад Заҳир «Энг яхши божхона ҳудудида қайта ишловчи» номинацияси билан тақдирланди. «Sirdarya Ceramics Production» корхонасига эса ташқи иқтисодий фаолиятдаги ишончли ҳамкорлик ва юқори самарадорлик учун «Ваколатли иқтисодий оператор» мақоми берилди.
Мулоқотнинг савол-жавоб қисмида тадбиркорлар томонидан билдирилган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди. Айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган таклифлар бўйича масъул идораларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА