“Eco Expo Central Asia-2026”: Яшил тараққиёт сари халқаро ҳамкорлик майдони
Пойтахтимизда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан “Eco Expo Central Asia-2026” халқаро кўргазмасининг тақдимоти ўтказилди.
Унда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, дипломатик миссиялар вакиллари, БМТ, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Халқаро миграция ташкилоти, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Глобал яшил ўсиш институти, Франция тараққиёт агентлиги, Жаҳон банки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (CAREC) каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов мамлакатда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлади. Хусусан, ўрмонлаштириш, тоза ҳаво, чиқиндиларни бошқариш ва биохилма-хилликни асраш бўйича кенг қамровли миллий дастурлар орқали Ўзбекистон яшил иқтисодиёт соҳасида минтақавий марказ сифатида намоён бўлаётгани қайд этилди.
Шунингдек, халқаро кўргазма саноат тармоқлари, молия институтлари ва халқаро ҳамкорларни бирлаштирувчи, барқарор ривожланиш ечимларини илгари сурадиган амалий халқаро платформага айланиши айтиб ўтилди.

Кўргазмада тоза технологиялар, қайта тикланувчи энергия, сувни тежаш, яшил шаҳарлар, барқарор қишлоқ хўжалиги, чиқиндиларни бошқариш, экологик инновациялар ва иқлимга чидамлилик каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ўтган 2025 йилда ҳам Тошкент шаҳрида биринчи “Eco Expo Central Asia” кўргазмаси муваффақиятли ўтказилган эди. Унда қарийб 3 000 нафар иштирокчи қатнашиб, 120 дан ортиқ келишув имзоланган. Бу эса минтақада экологик барқарорлик, инновация ва ҳамкорликка бўлган қизиқиш ортиб бораётганини яққол намоён этди.

“Eco Expo Central Asia-2026” халқаро кўргазмаси эса жорий йилнинг 31 май — 5 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу кўргазманинг ГЭФнинг VIII Ассамблеяси билан бир вақтда ташкил этилиши унинг глобал аҳамиятини янада ошириб, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.
Тақдимот якунида хорижий давлатларнинг мазкур кўргазмада фаол иштирок этиши Марказий Осиё минтақаси ва ундан ташқарида барқарор келажакни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА