Дунё гигантлари тан берган Олмалиқ мўъжизаси минглаб оилаларга барака олиб келади
Президент ташрифидин сўнг...
Тоғларга туташиб кетган улкан конларда ҳам нафас бор. Бунда минглаб инсонларнинг меҳнат шижоати, тинимсиз айланаётган улкан тегирмонларнинг овози мужассам.
Буни гигант заводнинг оддийгина шовқини десангиз адашасиз. Бу Ўзбекистон саноатининг ураётган юрагига ўхшайди. Кончининг юзидаги табассумда, келажакка катта умид билан боқаётган ёш муҳандиснинг кўзларида Ватаннинг қудрати кўринади.

Қачонлардир фақат хомашё етказиб берувчи, табиий бойликларини арзон баҳода четга чиқарувчи бўлган даврлар ортда қолди. Бугун қалбда ғурур. Ерости хазиналаримиздан юқори технологик маҳсулотлар яратаётган, дунё билан бўйлашаётган қудратли давлатга айландик.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 16 март куни мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтган эди. Шу тарихий тадбирда иштирок этар эканмиз сўзимиз бошидаги ҳисни туйдик.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу муҳим кун – Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида шахсан иштирок этгани лойиҳанинг давлат аҳамиятига молик стратегик воқеа эканини яна бир бор тасдиқлади. Давлат раҳбари рамзий тугмани босар экан, бу Ўзбекистон саноатининг янги даврига старт берилганининг рамзи бўлди.

Ўзбекистоннинг тоғ-кон соҳаси сўнгги тўққиз йилда мисли кўрилмаган трансформацияни бошдан кечирди. Соҳада шаффоф тизимнинг яратилиши натижасида 10 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас, балки инвесторларнинг Ўзбекистон келажагига бўлган ишончидир. Ҳозир соҳада 65 та хусусий корхонанинг муваффақиятли фаолият юритаётгани рақобат ва сифат янги босқичга чиққанидан далолат беради.
Натижалар эса ҳайратланарли! Ишлаб чиқариш 1,7 баробар ўсиб, ўтган йили 270 триллион сўмни ташкил этди. Мамлакат бюджети тушумларининг тўртдан бири айнан шу тармоқ ҳиссасига тўғри келаётгани тоғ-кон саноати иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини эканини исботлайди.
Янги фабриканинг ишга туширилиши Ўзбекистоннинг жаҳон металлургия харитасидаги ўрнини тубдан ўзгартиради. Қиймати 2 миллиард 700 миллион доллар бўлган ушбу мажмуа 196 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, у ўз кўламига кўра “саноат гиганти” саналади.

Бундай улкан лойиҳани амалга оширишда Италиянинг “Wood”, Буюк Британиянинг “Worley Parsons” каби халқаро компаниялари, шунингдек, “Metso”, “FLSmidth” ва “Siemens” каби жаҳон технология етакчиларининг жалб этилиши Ўзбекистоннинг халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини кўрсатди.
Халқаро экспертларнинг фикрича, бу фабрика Марказий Осиёдаги энг йирик ва дунёдаги саноқли юқори технологик мажмуалардан биридир. Йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қуввати Ўзбекистонни мис концентрати ишлаб чиқариш бўйича дунё етакчилари қаторига олиб чиқади.
Бугунги кунда дунё “яшил” иқтисодиёт, электротехника ва сунъий интеллект сари одимламоқда. Бу соҳаларнинг барчасида мис энг муҳим стратегик хомашё ҳисобланади. Президентимиз таъкидлаганидек, кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади.
Ўзбекистон бу борада улкан захирага эга. Биргина “Ёшлик-1” ва “Қалмоққир” конларида 45 миллион тонна мис ва 5 минг тоннадан зиёд олтин захираси мавжуд. Бу дегани, бизнинг саноатимиз камида яна 100 йил давомида кафолатланган хомашё базасига эга. Энг муҳими, энди мис шунчаки хомашё эмас, балки тайёр маҳсулот сифатида сотилмоқда. Заргарлик саноатининг 3,3 карра ўсиб, 13 триллион сўмдан ошгани бунинг ёрқин исботидир.
Ушбу лойиҳа оддий халқ учун катт фойда беради. Бу янги иш ўринлари ва юқори даромаддир. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 6 мингдан зиёд ёшлар юқори маошли иш билан таъминланади. Бу 6 мингта оиланинг фаровонлиги, минглаб ёшларнинг келажакка бўлган ишончи демакдир.
Замонавий фабрикада ишлаш учун замонавий билим керак. Шу мақсадда Олмалиқда “МИСиС”, Италиянинг Пиза университети филиаллари ва бошқа нуфузли олийгоҳлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бугунги ёшлар Канада, АҚШ ва Чилининг илғор тажрибалари асосида таълим олмоқда. Демак, биз нафақат заводлар, балки юқори малакали муҳандислар авлодини ҳам етиштирмоқдамиз.
Янги фабрикада барча жараёнлар рақамлаштирилган ва сунъий интеллект асосида бошқарилади. Бунинг натижасида энергия сарфи 10 фоизга, маҳсулот таннархи 15 фоизга камаяди.
Ўзбекистоннинг режалари янада улкан. 2030 йилга қадар мис ишлаб чиқаришни 500 минг тоннага, олтинни 175 тоннага, уранни 15 минг тоннага етказиш мақсад қилинган. Ҳозирда қиймати 22 миллиард долларлик лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Тез орада 4-мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводи ҳам қад ростлайди.
Олмалиқ бағрида бошланган бу янги индустриал давр мамлакатимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш йўлидаги улкан қадам бўлди. Бугун пойдевори қўйилаётган бу ислоҳотлар эртага минглаб оилалар дастурхонига барака, юртга эса беқиёс қудрат бўлиб қайтади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси