Дизайн соҳасининг ривожланиш босқичлари муҳокама қилинди
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Дизайн — таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси муаммолари ва ечимлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда дизайн соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда истиқболлар, замонавий таълим тизимида дизайннинг ўрни каби масалалар кенг муҳокама қилинди.
Жумладан, дизайн таълимини ривожлантириш, амалий ишлаб чиқариш билан узвий интеграцияни таъминлаш ҳамда компетенциявий ёндашувни самарали жорий этиш масалалари илмий-назарий ва амалий жиҳатдан таҳлил илинди.
[gallery-29047]
Дизайн соҳасини ўқитишда илғор педагогик тажрибаларни умумлаштириш, инновацион технологияларни кенг қўллаш ҳамда таълим жараёнини ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, дизайн таълимида интерфаол ўқитиш методлари, баҳолашнинг замонавий шакллари ҳамда рақамли дизайн платформалари ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, дизайн соҳасида таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, амалий тажрибаларни умумлаштириш ҳамда уларни таълим жараёнига кенг татбиқ этиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Гулноза Бобоева,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА