Чорва моллари эгаларига қайтарилмоқда
“Сардоба” сув омбори тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги бир нечта аҳоли яшаш хонадонларига жиддий зарар етди.
“Сардоба” сув омбори тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги бир нечта аҳоли яшаш хонадонларига жиддий зарар етди.
Ушбу жиддий зарар кўрган 10 та маҳалла аҳолисининг асосий қисми ҳалиям вақтинчалик яшаш жойларида истиқомат қилмоқда. Эвакуациядаги фуқаролар учун ушбу вақтинчалик турар-жойларда яшашлари учун барча шароитлар яратилган.


Фалокат содир бўлган, жорий йилнинг 1 майидан буён аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш мақсадида республика Ички ишлар вазирлигининг Сирдарё вилояти ҳамда қўшни вилоятлар ички ишлар бошқармаларидан бир гуруҳ ходимлар жалб этилган.
Сув тошқини натижасида жабр кўрган қишлоқларнинг хонадонлардаги кўплаб уй ҳайвонлари нобуд бўлиб, айрим фуқароларнинг чорва моллари эса ҳар тарафга тарқаб кетган.


Сардоба, Оқолтин ҳамда Мирзаобод туманларига бириктирилган ички ишлар идоралари ходимлари томонидан талафот кўрган ҳудудлардаги аҳолининг жами 4 минг 405 бош қаровсиз юрган чорва моллари ИИБ ходимлари томонидан топилиб, эгалари аниқлангунига қадар белгиланган жойларда сақланмоқда. Шу кунга қадар ушбу чорва молларининг 3 минг 305 боши ички ишлар ходимлари томонидан кимларга тегишлилиги аниқланиб, ўз эгаларига қайтарилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Сирдарё вилояти ИИБ ва Сардоба тумани ИИБ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари самарасида Сардоба тумани Юртдош маҳалласи ҳудудидаги дала майдонида қаровсиз юрган 66 бош қорамол ҳамда 53 бош қўй топилиб, эгалари аниқлангунга қадар Сардоба тумани Бирлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги чорва фермасига сақлаш учун жойлаштирилди.

Чорва моллари сақланаётган майдонда тўсиқ постлар ташкил қилиниб, чорва молларини олиб кетаётган ҳар бир юк машинаси ва пиёдалар қатъий назоратдан ўтказилиб, ушбу мулк айнан шу фуқарога тегишли эканлиги синчиклаб ўрганилиб, ушбу жараён фото ва видео тасвирга олинмоқда ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнггина чорва моллари ўз эгаларига қайтарилмоқда. Бу орқали чорва моллари ва бошқа нарса-буюмлар туман ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилишининг олди олинаётир.
Юқорида келтириб ўтилган ҳолатлар юзасидан ички ишлар ходимлари томонидан қидирув ва аниқлаш ишлар давом эттирилмоқда.