Чехия Бош вазирининг ташрифи якунланди
Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш 29-30 апрель кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Кўксарой қароргоҳида 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг тор доирада ва икки мамлакат делегациялари иштирокида музокаралари бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон – Чехия шериклигининг қатор йўналишларини қамраб олган ҳужжатлар имзоланди.
[gallery-29103]
Мазкур ташриф доирасида Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш “Янги Ўзбекистон” боғида Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Жаҳон гавҳари саналмиш Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Тошкент шаҳридаги Халқаро тил ва кўникмалар мактаби ва Технопаркда бўлди. Чехия Бош вазири Ўзбекистон – Чехия бизнес-форумида ҳам иштирок этди.
Олий мартабали меҳмон сафар якунида журналистларга интервью берди.
Андрей Бабиш ташриф доирасидаги мулоқотлар ўзаро ишонч руҳида ўтганини таъкидлади. Эришилган келишувлар икки давлат иқтисодий алоқаларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини алоҳида эътироф этди. Юртимизнинг бой маданий мероси ва замонавий тараққиёт суръатлари унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади. Ўзбек халқига хос бўлган самимий меҳмондўстлик ва кўрсатилган юксак эҳтиром учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Олий мартабали меҳмонни “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (фото),
ЎзА