Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорлик
Фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икрамов ва Туркия Афад бошқармаси раҳбари Али Ҳамза Пеҳливан ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарлари сўнгги йилларда тажриба алмашиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш йўналишларида амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Хусусан, энг муҳим йўналишлардан бири сифатида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш, илмий ва инновацион тадқиқотларни такомиллаштириш ҳамда уларнинг амалий натижаларини амалиётга кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада илғор тажрибаларни ўрганиш, илмий муассасалар ва амалий тузилмалар ўртасида узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, профессионал кадрларни замонавий дуал таълим тизими асосида ўқитиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА