Бухорода замонавий суғориш технологиялари жорий этилади
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов АҚШ "Export-Import Bank of the United States (US EXIM Bank)"нинг Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича бизнесни ривожлантириш менежери John Ahn ҳамда "Valmont Industries" компанияси вакиллари билан учрашди.
Мулоқот давомида вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада модернизация қилиш, хусусан, замонавий суғориш технологияларини кенг жорий этиш, йирик инфратузилмавий ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, “Valmont Industries” компанияси қишлоқ хўжалигида илғор суғориш технологиялари ва муҳандислик инфратузилма ечимларини тақдим этувчи жаҳоннинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Компания 5 қитъада 22 дан ортиқ ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлиб, 100 дан зиёд мамлакатларга Valley® ёмғирлатиб суғориш ускуналарини етказиб бериб келмоқда. Уларнинг Center Pivot ва Frontal турдаги суғориш тизимлари сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мазкур компания билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг дастлабки босқичида Пешку, Ғиждувон ва Қоровулбозор туманларида 10 минг гектар ер майдонини қамраб олиш режалаштирилган. Кейинчалик ушбу кўрсаткични 100 минг гектаргача кенгайтириш кўзда тутилган.

Учрашувда айни лойиҳани молиялаштиришда "US EXIM Bank" билан ҳамкорлик қилиш, инновацион суғориш технологияларини кенг жорий этиш ва аграр инфратузилмани ривожлантириш истиқболлари алоҳида эътибор марказида бўлди.
Мулоқот якунида томонлар илғор технологияларни жорий этиш, инвестицион лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисида келишиб олди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири