Бухоро вилояти фермерлари Туркия тажрибасини ўрганмоқда
Бухоро вилояти Фермерлари кенгаши раиси Хуршид Болтаев бошчилигидаги 15 нафардан ортиқ фермерлардан иборат делегация Туркия Республикасининг Адана шаҳрига назарий-амалий ўқув сафари билан ташриф буюрди.
Ташриф доирасида фермерлар “Шарқий Ўрта Ер денгизи қишлоқ хўжалиги тадқиқот институти”нинг малакали профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари билан пахтачилик, ғаллачилик ҳамда бошқа донли экинларни етиштириш бўйича илғор тажрибалар юзасидан фикр алмашдилар.

Шунингдек, делегация мамлакатнинг муҳим аграр ҳудудларидан бири саналган Адана шаҳридаги ғаллачилик кластери фаолияти билан танишди. У ерда замонавий агротехнологиялар, юқори ҳосилдор навлар ва ресурс тежовчи усуллар амалда қўлланилаётгани қайд этилди.

Учрашувлар якунида томонлар бундай ўқув-амалий тадбирларни мунтазам ташкил этиш, аграр соҳада тажриба алмашинувини кенгайтириш бўйича келишувга эришдилар. Ўқув дастури якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2025 йил 10 декабрь куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.

Бундай ўқув ва амалий сафарлар фермер хўжаликлари раҳбарларининг билим ва кўникмаларини ошириш, юқори қийматли экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни кенгайтириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
ЎзА