Томорқадан мўмай даромад топаётган тўрақўрғонликлар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Соҳилобод маҳалласида аксарият аҳоли боғдорчилик билан шуғулланади. Ястаниб ётган токзорлар, шафтолизор ва бодомзорлар туфайли аҳоли бандлиги таъминланган, ишсизлар йўқ ҳисоби, камбағал оилалар сони жуда кам.
Маҳалланинг 76 ёшли онахони Оминахон Аюпова ҳам кўпчиликка ўрнак кўрсатиб, 10 сотихли томорқасида иссиқхона ташкил этган. Аввалига иссиқхонада помидор, бодринг етиштирилди. Уч йилдирки, гидропоника усулида қулупнай кўчатлари парваришланмоқда.
– Октябрь ойида экилган кўчатлар бир йил давомида ҳосил бераверар экан, - дейди онахон. – Баҳору ёз, кузу қиш хонадонимиздан харидорлар аримайди. Айни пайтда томорқамизда қулупнай пишган ва ички бозорда 180-200 минг сўмдан сотиляпти. Йиллик даромадимиз 60-70 миллион сўмга боради. Бундан ташқари, сўрилар тагидаги лимон кўчатлари ҳам ҳосилга кирган.
Ташқарида эндигина дарахтлар куртаклаб, ўт-ўланлар ердан бош кўтаришни бошлаган бир пайтда иссиқхонадаги мана бу ям-яшилликни кўриб инсоннинг баҳри-дили очилади.
Туманнинг Оқтош маҳалласи Оқ олтин кўчасида яшовчи Олимжон Худойбердиев хонадонида ҳам бугун ана шундай баҳорий манзара ҳукмрон. Хонадон вакиллари 10 йил аввал 2 сотихдан тўртта иссиқхона ташкил этган. Октябрь ойида сепилган укроп уруғи бугун пешма-пеш бозорларга чиқарилмоқда. Иккинчи мавсумда эса бодринг экилади.
– Ҳар тонг кўкатларни Наманган шаҳридаги “Чорсу” бозорига улгуржи нархда сотиб келамиз, - дейди Олимжон Худойбердиев. – Барра кўкатларни маҳаллий харидорлар ҳам олишади. Ёрдамчилар кўмагида кун бўйи шу иш билан бандмиз.
Бундан ташқари хонадонда доимий 10-15 та қўй боқилади, бундан ҳам яхшигина даромад топишади.
Туманнинг Қодиробод маҳалласида 2023 йилда 14,8 гектар майдон 74 нафар ишсиз фуқаро ва ёшларга 20 сотихдан ажратиб берилган эди. Бу ерда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида қулупнайчилик йўлга қўйилган. Ўтган йилдан бошлаб деҳқонлар яхшигина даромад олишни бошлади. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар қулупнайзорга 60 минг дона кўчат жойлаштириш ва 10 тонна ҳосил олиш мумкин. Ўртача 35 минг сўмдан сотилганда ҳам ҳисобини чиқариш қийин эмас.
“Тўқсонда эксанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган пурмаъно мақол бор. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кузда экилиб, қор ва ёмғир остида қолдирилган сабзавот экинларининг уруғи эрта кўкламда ердан барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради.
Таъкидлаш керак, туманда 897 гектар, шундан 66 гектар очиқ майдонда, 503 гектар боғ-ток орасида, 278 гектар деҳқон хўжаликларида, 1200 гектардан зиёд аҳоли томорқаларига август-сентябрь ойларида экилган пиёз, сабзи, ош лавлаги, карам, редиска, кўкатлардан етиштириладиган 37 минг 419 тонна ҳосил, шунингдек, “тўқсонбости” усулида экилган саримсоқпиёз ички бозордан ташқари, Россия, Қирғизистон, Туркия каби давлатларга экспорт қилинади.
[gallery-28551]
“Шоҳидон нурли диёри” ММТП ҳудудидаги “Дилшод Содиқов” фермер хўжалигидаги 1 гектар майдонда саримсоқпиёз ривожи авжи паллада. “Ибрат” маҳалласидаги 10 гектар аҳоли томорқаларида эса ҳадемай саримсоқпиёз ва янги картошка йиғиштириб олинади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА