БМТ туризм ташкилоти бош котиби Самарқандда бўлди
Мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ туризм ташкилоти бош котиби Шайха Носир Ал Новайс бугун қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда бўлди.
Юқори мартабали меҳмон дастлаб Самарқанд шаҳрида ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот билан ҳамкорликда илк бор ташкил этилган “Ипак йўлида туризм” тематик офисининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Маросимда Шайха Носир Ал Новайс ҳамда Ўзбекистон Республикаси туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов сўзга чиқиб, ушбу тематик офис тарихий Ипак йўли бўйлаб туризмни ривожлантириш, маданий меросни асраш ва туризм соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Хусусан, муассаса қадимий Ипак йўли ўтган 34 давлат билан туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, маданий алоқаларни чуқурлаштириш ҳамда минтақа мамлакатларининг сайёҳлик салоҳиятини оширишга қаратилгани қайд этилди.
Шундан сўнг тадбир қатнашчилари ушбу муассаса билан ёнман-ён жойлашган халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси фаолияти билан танишди. БМТ туризм ташкилотининг мазкур академияси нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги бошқа давлатлар туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-28549]
Шайха Носир Ал Новайс хоним иштирокида академиянинг “Меҳмондўстлик бошқаруви” ўқув дастурини муваффақиятли тугатган 20 нафар битирувчиларига халқаро сертификатларни тантанали топшириш маросими ҳам ўтказилди.
Тадбирда яқин кунларда бошланиши кутилаётган навбатдаги “Меҳмонхона бошқаруви” ва “Барқарор туризм” халқаро ўқув дастурини амалга оширишда эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар, соҳа кадрларининг халқаро стандартларга асосан кўникмаларини ривожлантиришнинг муҳимлиги қайд этилди.
Бош котиб хоним “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида ҳам бўлиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашди. Учрашувда туризм соҳасидаги инновациялар, халқаро ҳамкорлик истиқболлари ва касбий ривожланиш масалалари муҳокама қилинди. Талабалар ўз таклиф ва ташаббусларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Самарқандга ташриф давомида Шайха Носир Ал Новайс Конигил туризм қишлоғида бўлиб, қадимий Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш жараёнлари ва бошқа ҳунармандлар, туризм соҳаси вакиллари фаолияти билан танишди. Шунингдек, тарихий-маданий ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни томоша қилди.
Айниқса, янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуаси юқори мартабали меҳмонда унутилмас таассурот қолдирди.
– Бу ерда бўлиш мен учун жуда катта шараф, – деди Шайха Носир Ал Новайс хоним. – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк муҳаддиснинг ислом оламидаги мақоми ва нуфузига мос бундай улуғвор мажмуа яратиш халқнинг бой маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда муқаддас ислом динининг моҳиятини келгуси авлодларга тушунтиришга хизмат қилади. Мен дунёнинг кўп давлатларида бўлиб, кишини ҳайратга соладиган мўъжизаларни, обидаларни кўрганман, лекин бу ердагичалик ҳайрат, ҳавасни ҳис қилмагандим.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари