Бугунги дунёда экологик муаммоларнинг кескинлашуви, табиий ресурсларнинг чекланганлиги ва улардан нотўғри фойдаланиш каби масалалар ҳал этилиши зарур бўлган долзарб йўналишларга айланди. Ўзбекистонда ҳам бу борада самарали чоралар кўрилмоқда.
2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилиниши экологик масалаларга давлат даражасида эътибор қаратилганидан далолатдир. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш доирасида мазкур муаммога кўпроқ эътибор бериб ишлаб чиқилган 2025 йил Давлат дастури лойиҳаси ҳам жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Мазкур лойиҳада “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракатига алоҳида ўрин ажратилган бўлиб, унинг асосий мақсади – экологик маданиятни ривожлантириш, аҳолини табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга жалб қилиш ва экологик фаол ҳаёт тарзини тарғиб қилишдир. Бу ҳаракат доирасида бир қатор долзарб йўналишларда амалий чора-тадбирлар кўрилиши режалаштирилган.
Аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш
Жамиятдаги ортиқча ва самарасиз харажатлар, шунингдек, соғлиқ билан боғлиқ муаммолар турмуш тарзидаги ҳаракатсизлик билан бевосита боғлиқ. Моддий жиҳатдан қараганда, автомобиль ёқилғисига кетадиган маблағлар ва транспорт воситаларининг атроф-муҳитга етказадиган зарари долзарб масалага айланмоқда.
Шу боис “Бир миллион яшил оила” ҳаракати кундалик юриш ва югуришни ҳаёт тарзига айлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ушбу ташаббус доирасида турли спорт тадбирлари, оммавий марафонлар, оилавий югуриш мусобақалари ташкил этилади ва фаол тарғибот ишлари олиб борилади. Бу нафақат шахсий саломатликни яхшилайди, балки автомобиллардан фойдаланишни қисқартириш орқали ҳаво ифлосланишини камайтиришга ҳам хизмат қилади.
“Яшил транспортда”, жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш
Транспорт дунё миқёсида асосий ифлослантирувчи воситалардан биридир. Ўзбекистонда шаҳарлардаги йўл ҳаракатини экологик хавфсиз тарзда ташкил этиш “Бир миллион яшил оила” ҳаракатининг муҳим йўналишларидан биридир.
Бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, велосипедлардан фойдаланишни рағбатлантириш учун махсус йўлаклар яратиш ҳамда велосипед ижараси хизматларини кенгайтириш ва ундан фойдаланиш учун шароитлар яратиш, жамоат транспорт тизимига электр автобуслар ва таксиларни киритиш аҳолини яшил транспорт воситаларини танлашга ундайди. Электр транспорт воситалари учун қувватлантириш станциялари тармоғини кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу нафақат транспорт экологиясини яхшилайди, балки иқтисодий самарадорликни ҳам таъминлайди.
Пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш
Ҳар йили сайёрамизда миллиардлаб тонна пластик чиқинди йиғилади, бу эса табиатга жиддий зарар етказади. Пластик маҳсулотлар ерда асрлар давомида парчаланмасдан қолади ва атроф-муҳитни ифлослантиради. Шунинг учун пластикдан фойдаланишни чеклаш ва унинг ўрнини босувчи экологик маҳсулотларни кенг жорий этиш ҳаракатнинг устувор вазифаларидан биридир. Давлат томонидан ишлаб чиқилган дастур доирасида қайта ишланадиган материаллардан ишлаб чиқарилган сумкалар, идишлар ва бошқа маҳсулотларни тарғиб қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, пластикдан фойдаланишни чеклаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш ва ишлаб чиқарувчилар учун иқтисодий рағбатлантирувчи чоралар кўриш мақсадга мувофиқ.
Озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш
Ҳар йили катта миқдорда озиқ-овқат исроф қилинади, бу нафақат иқтисодий йўқотишларга, балки ресурсларнинг бекор сарфланишига ҳам олиб келади. Ҳаракат доирасида аҳолини озиқ-овқатни тежаш маданиятига ўргатиш, турли акциялар ва дастурларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
“Бир миллион яшил оила” ҳаракати доирасида озиқ-овқатни самарали истеъмол қилишни тарғиб қилишга, жумладан, турли акциялар, кўргазмалар ва оммавий маълумот воситалари орқали фуқароларга озиқ-овқатни тежашга алоҳида эътибор берилади.
Сув, газ ва электр энергияси ресурсларидан оқилона фойдаланиш
Сув, газ ва электр энергиясини тежаш нафақат иқтисодий жиҳатдан самарали, балки экологик барқарорликни таъминлашнинг асосий омилларидан биридир. Масалан, сувни исроф қилиш глобал сув танқислиги муаммосини янада кучайтиради, электр энергиясини ортиқча ишлатиш эса углерод изини оширади.
Давлат дастури доирасида сув, газ ва электр энергиясини тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, хусусан, томчилатиб суғориш ёки замонавий фильтрлардан фойдаланиш, аҳоли ўртасида энергия тежовчи лампалар, маиший техника ва қурилмалардан фойдаланишни тарғиб қилиш ишлари йўлга қўйилади.
Умуммиллий ҳаракат иштирокчиларини рағбатлантириш
Таъкидлаш жоизки, “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати доирасида махсус платформа ишга туширилиб, унда:
- бир сутка давомида камида ўн минг қадам юришни тарғиб қилиш;
- юқори кўрсаткичларга эришганларга “Экофаол фуқаро” мақомини бериш ҳамда улар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитини олишда чегирма тақдим этиш;
- оиланинг барча вояга етган аъзолари “Экофаол фуқаро” мақомини олганда, ушбу оилага “яшил оила” мақомини бериш ҳамда уларга ҳар йили лотерея орқали 14 та электромобиль бериш;
- аҳолисининг ярми “яшил оила” мақомини олган маҳаллаларда “Энг тоза маҳалла” ва “Энг яшил маҳалла” танловларини ўтказиш ва ғолиб бўлган маҳаллалар жамғармасига болалар майдончасини қуриш, яшил боғ яратиш ҳамда чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш ва чиқинди контейнерларини ўрнатишга 500 миллион сўм ажратиш белгиланган.
Дарҳақиқат, “Бир миллион яшил оила” ҳаракати нафақат экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган, балки келажак авлодлар учун ҳам тоза ва соғлом муҳит яратиш мақсадига хизмат қилади. Ҳар бир инсоннинг ушбу ташаббусдаги иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Табиатга эҳтиёткорона муносабат ва тежамкорлик маданияти жамиятнинг ажралмас қисмига айланиши зарур. Давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар эса ҳар бир фуқаро учун қулай шароитлар яратишга қаратилган.
Уйлаймизки, шу йўналишда амалга ошириладиган чора-тадбирлар нафақат экологик, балки иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам фойдали бўлади. Тоза ҳаво, ресурсларни тежаш ва исрофгарчиликни камайтириш орқали биз нафақат ўз ҳаётимиз сифатини, балки бутун сайёра аҳолисининг турмуш тарзини яхшилашга қадам қўямиз.
Тоза ҳаво, соғлом муҳит ва барқарор ресурслар билан таъминланган келажак учун ҳаммамиз биргаликда масъулмиз!
Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА