Билимли ва истеъдодли хотин-қизлар мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшмоқда
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Бугунги кунда мамлакатимиз бошқарув соҳасида хотин-қизларнинг улуши ўттиз беш фоизга етди. Етти-саккиз йил олдин бу борадаги рақам йигирма фоиз атрофида эди.
Бугун билимли, истеъдодли хотин-қизлар давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида самарали фаолият олиб бормоқда. Улар жадал тараққиёти билан ҳамоҳанг тарзда ўзгаришларга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Президент нутқ сўзлаб, муҳтарама оналар, азиз опа-сингилларни самимий қутлади.
Тадбирнинг баъзи иштирокчилари билан суҳбатлашдик, уларнинг қувончига шерик бўлдик.

Нодира ҒОЙИБНАЗАРОВА, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири:
– Бугун ўзим, оилам ва меҳнат жамоамиздаги опа-сингилларим учун тарихий кун бўлди. Камтарона меҳнатимиз юксак баҳоланиб, “Дўстлик” ордени билан тақдирландим. Бу мукофотни шахсан давлатимиз раҳбарининг қўлларидан олганим менга жуда катта фахр бағишлади, кейинги фаолиятимга ўзгача рағбат берди. Мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнида ўз меҳнатим, изланишларим билан янада фаол бўлишга ҳаракат қиламан. Президентимизнинг ҳар-бир ташаббусларини диққат билан кузатаман. Соҳалар доирасидаги топшириқ ва маърузаларининг моҳиятини тушунишга ҳаракат қиламан.
Президент яқинда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида иштирок этди. Унда юртимизда коррупциядан ҳоли муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо берилиб, келгуси вазифалар белгиланди. Давлатимиз раҳбари ўша йиғилишдаги нутқида коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлади. Унга қарши курашиш барчанинг бурчи бўлиши лозимлигига яна бир карра эътибор қаратдилар. Куч – бирликда. Мен етти миллион нафардан ортиқ аъзоларни бирлаштирган Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вакили сифатида бу ташаббус йўлида ҳам барчани бирлашишга чорлайман. Бугун кўксимга тақилган орденни менга билдирилган юксак ишонч рамзи деб биламан.
Замира АИТБАЕВА, Нукус шаҳридаги «Науқан бағ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
– Бугун Президент кўксимга «Шуҳрат» медалини тақар экан, байрам билан яна бир бор табриклади. Ўша дамда тўлқинланиб кетдим, давлатимиз раҳбарига Қорақалпоғистонда аҳоли фаровонлиги учун яратилаётган шароитлар учун раҳмат айтдим. Бир маҳалланинг фаоли, вакили сифатида бу янгиланишларга ўз ҳиссамни қўшишдан миннатдорлигимни билдирдим. Президентимиз ҳудудларга ташриф буюрганларида маҳаллалар ҳаёти билан танишади, қувонч ва ташвишларига шерик бўлади. Президентимиз бизнинг маҳаллага ҳам борганлар. Бундай ёндашув бугун жойларда ўз натижасини бермоқда. Кейинги йилларда маҳалла институтининг жамиятимизда ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатидаги аҳамияти ошди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходимидан иборат “маҳалла еттилиги” ташкил этилди. Бугун мана шу бўғиннинг бир вакили эканимдан фахрланаман.
Клара ЭЛБОЕВА, Нишон туманидаги «Нишон қоракўлчилик» масъулияти чекланган жамияти бош чўпони:
– Чўпонлик бизга авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касб саналади. Бу соҳада йигирма йилдан кўпроқ вақт мобайнида ишлаб келаман. Ишимни яхши кўраман, шарафли ва машаққатли фаолият деб биламан. Мана чорванинг ортидан кам бўлмадик. Меҳнатларимиз юқори баҳоланиб, “Дўстлик” ордени соҳиби бўлдим. Президентнинг ўзи ишимга омад тилади. Қадимдан чорва барака рамзи саналади. Мол-ҳоли бор рўзғорда тўкинлик бўлади.
Касбимиз бир қарашда оддийроқ туюлади, лекин мен танлаган йўл мамлакат даражасида олганда жуда муҳимлигини яхши биламан. Президентимиз чорвачилик тармоқларини ривожлантириш, бу борада янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қанчадан-қанча ташаббусларни илгари суряпти. Булар натижа беряпти. Самарани эса халқимизнинг дастурхони тўкинлигида кўриш мумкин. Мен ўзимни мана шу жараёнларга дахлдор инсон сифатида ҳис қиламан.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири